Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида «Бахти Ташкентский» номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, унинг ўғиллари, акаси — жами 37 кишига нисбатан очиқ суд иши давом этмоқда. Суднинг 15 июль кунги тарафлар музокарасида адвокатлар ва судланувчиларга сўз берилди, дея хабар қилмоқда жараёнда қатнашган «Газета.uz» мухбири.

Бахтиёр Қудратуллаевнинг адвокатига кўра, «Бахти Ташкентский»га қўйилган 44 та эпизоднинг 13 таси айбловдан олиб ташланган. Адвокат ўз нутқида жиноят ишига даҳлдор турли ҳолатларни келтириб, айбловда қўйилган моддаларни қайта кўриб чиқишни ҳамда уларнинг айримларини олиб ташлашни сўради. Шундан сўнг бошқа адвокатлар ҳам сўзга чиқди.

Адвокатлар нутқидан кейин судланувчилар ҳам тингланди. Хусусан, Бахтиёр Қудратуллаев сўнгги сўзида суддан судланувчиларга енгиллик беришни сўради.

«Бизларда ёмон ният бўлмаган. Болалар бир-бирига пичоқ кўтармасин-тиқмасин, психотроп таблеткалар ва бошқа нарсаларга аралашиб қолмасин, деган маънода қилинган нарса бўлган. Битта илтимосим бор: бу ердаги болалар уй ишларига қарашиб юрган, неварамни боғчадан, ўғлимни мактабдан олиб келган, бошқа „серьёзний“ ишларга аралашган эмас. Ўғилларим ўтирибди, биттаси касал. Бу ерда ўтирган болаларнинг ичида уйланганлари бор, уйланмаганлари бор, икки-уч нафар фарзанди борлари ҳам бор. Кимларнингдир қариб қолган онаси бор. Менга ўхшаб буларга ҳам армон бўлиб қолмасин: қамоқдан чиқишимдан бир йил олдин онам оламдан ўтиб қолган, қабрга қўёлмаганман. Биз террорист, коррупционер бўлмаганмиз, одамхўр эмасмиз. Давлатга қарши юрган жойимиз йўқ. Иложи бўлса, шу ерда ўтирган болаларга енгиллик қилиб берсангиз», — деди Бахтиёр Қудратуллаев сўнгги сўзида.

«Бахти Ташкентский»нинг нутқидан сўнг бошқа судланувчилар ҳам нуқт сўзлади. Уларнинг аксарияти айбига қисман иқрорлигини билдириб, суддан енгиллик сўради. Баъзи судланувчилар эса ўзига қўйилган айбловларни рад этди.

Суд томонларни эшитиб бўлгач, ҳукм чиқариш учун 19 июлга қадар маслаҳатга кирди.

Эслатиб ўтамиз, 10 июль кунги суд мажлисида прокурор 44 та эпизод бўйича айбланаётган «Бахти Ташкентский»га 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш, шунингдек, Жиноят кодексининг 34-моддаси (Рецидив жиноят) 3-қисми «а» банди билан ўта хавфли рецидивист деб топишни ҳамда унинг ўғилларига нисбатан 11 ва 12 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраган эди.