Шавкат Мирзиёев 17 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда пахта-тўқимачилик кластерларининг молиявий барқарорлигини таъминлашга оид масалаларни кўриб чиқди.
Давлат раҳбари берилган имтиёзли кредитлар муддатини 2025 йил 1 апрелгача узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилди.
Ўтган йили пахта етиштириш учун олинган кредитни тўлиқ қайтарган кластерларга имтиёзли кредитнинг 8 фоизи қайтарилади. Жорий йилда кластерларнинг йигирув корхоналарига пахта сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратилади.
Кластерлар сотиб олинган пахта тозалаш заводи қийматининг камида 35 фоизини тўласа, бу мулкни гаровга қўйишга рухсат берилади.
Президент раҳбарларга юқори молиявий мажбуриятларга эга бўлган иқтисодий самарасиз кластерларнинг ҳолатини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди.
2022 йилда пахта хомашёсининг ички ва жаҳон нархлари ўртасидаги катта фарқ туфайли Ўзбекистон кластерларига 6 триллион сўм зарар етди, деганди президент. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2022 йилда Ўзбекистонда етиштирилган ўрта тола навли пахта хомашёсининг минимал харид нархи 1 кг учун 10 025 сўмни ташкил этишини белгилаганди, жаҳонда эса нархлар икки баравар паст, деб хабар берган «Газета.uz»га тўқимачилик тармоғидаги манбаси.
2023 йилнинг август ойида президент томонидан 3 триллион сўмлик кредитлар бўйича қарзларни тўлаш муддати бир йилга узайтирилганди, кластерларнинг айланма маблағлари учун 1,5 йил муддатга 3 триллион сўм кредит ажратилган.