Самарқанд вилояти Нарпай туманида 7 туп дарахтни кесган фуқаро жаримага тортилди, дея хабар қилди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.

Қайд этилишича, вазирликнинг Самарқанд вилояти бошқармаси Нарпай тумани бўлими томонидан навбатдаги назорат рейд тадбирлари ўтказилган. Рейд давомида туманнинг «Бахт» МФЙ ҳудудида фуқаро Р.И. томонидан 7 туп ҳар хил турдаги мевали дарахтлар ноқонуний тарзда кесиб ташлангани маълум бўлган.

»дарахт

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Р.И.га нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, яъни 8 миллион 500 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.

Шунингдек, фуқаро табиатга 3 миллион 230 минг сўм зарар етказилгани аниқланди. Ҳуқуқбузар жами 11 миллион 730 минг сўм тўлайдиган бўлди.