2024 йилнинг биринчи олти ойида ялпи ички маҳсулот 6,4 фоизга кўпайди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Таҳлилларга кўра, биринчи яримйилликда саноат 7,8 фоизга, қурилиш 10,1 фоизга, хизматлар 12,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3,8 фоизга ўсди. Бюджет даромадлари ҳам 113 триллион сўмга етиб, 14 фоизга кўпайди.

Йиғилишда йил бошидан буён республикада яратилган қўшилган қиймат 567,4 триллион сўмга етгани, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 94 триллион сўмга кўп экани билдирилди.

Биринчи яримйилликда жами капитал қуйилмалар 229 триллион сўмни ташкил қилгани таъкидланди. Шундан 15,5 миллиард доллари хорижий инвестиция. Йил бошидан 3,5 миллиард долларлик 3 мингта лойиҳа ишга тушиб, 76 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратилди.

Тадбиркорлик учун 82 триллион сўм кредит ва 15,5 триллион сўм субсидия берилиб, 600 минг аҳоли бизнесга жалб қилинди. Берилган енгиллик ва имтиёзлар ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида 56,3 триллион сўм маблағ қолди.

Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари бошлангани, иқтисодий комплекс маҳаллага туширилгани ҳисобига 4 мингдан ортиқ маҳалла саноат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашди, 1 миллион 600 минг аҳоли расмий банд бўлди, дейилади мажлисда.