Президент ўтказган йиғилишда Ўзбекистондаги бир неча туманларнинг ҳокимларини ишдан олиш бўйича бош вазир билдирган таклифлар қўллаб-қувватланди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйган 28 та туман-шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий жазо чоралари кўриладиган бўлди. Қораўзак, Тахиатош (иккиси Қорақалпоғистон), Учқудуқ (Навоий), Тошкент (Тошкент вилояти), Фурқат (Фарғона вилояти), Гурлан, Янгиариқ (иккиси Хоразм), Мирзаобод (Сирдарё), Мингбулоқ (Наманган) туманлари, Ғозғон шаҳри (Навоий) ҳокимлари эса ишдан кетади.

«Ютуқларимиз ҳақида кўп гапириш мумкин. Дунёдаги оғир шароитга қарамасдан, барқарор иқтисодий ўсиш йўлида аниқ натижаларга эришяпмиз. Буни Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, ҳамкор давлатлар раҳбарлари, рейтинг ташкилотлари, йирик инвесторлар ҳам эътироф этяпти», — деди президент.

Бунга муносиб ҳисса қўшаётган тармоқ, вилоят ва туманларга, тадбиркорларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.