18 июль куни Tashkent City Mall савдо марказида «Жадидлар. Туркистонга мактублар» номли жадидларнинг таълим ва маориф соҳасидаги ташаббусларига бағишланган мультимедиа кўргазмаси ўз ишини бошлайди. Бу ҳақда уни ташкил этувчи Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кўргазмада Германияга ўқишга юборилган туркистонлик талабаларнинг тарихи очиб берилган. Махсус «Жадидлар. Туркистонга мактублар» кўргазмаси учун савдо марказидан 1400 квадрат метрдан ортиқ майдон ажратилди.

«Жадидчилик ХХ аср бошидаги залварли ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаракат сифатида Марказий Осиёни ривожлантиришда устувор роль ўйнаган. Жадидчилик минтақадаги кўплаб муҳим ўзгаришларга туртки ясаб, бугунги кунда жамиятга ҳамон ўз таъсирини ўтказишда давом этмоқда. Тарихнинг ушбу боби билим ва тараққиётга интилиш жамиятни қандай ўзгартира олиши, тўсиқларни енгиб ўтишга кўмаклашиши ва порлоқ истиқбол сари пойдевор ярата олиши мумкинлигини намойиш этади», — деди президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева.

Намойишдан тарих фанлари номзоди Баҳром Ирзаев томонидан тўпланган архив материаллари орқали ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги визуал ва аудио инсталляциялар билан таъминланган бир қанча бўлимлар ўрин олган.

«Умид қиламанки, кўргазмага ташриф буюрувчилар 73 нафар талабадан иборат жадидлар авлодининг минтақамиз маданий-маърифий меросига қўшган ҳиссасига муносиб баҳо бериб, уларнинг билим ва юксакликка интилишларидан илҳомланадилар», — деди Баҳром Ирзаев.

Унда нодир архив материаллари: мактублар, мақолалар ва фотосуратлар ҳам намойиш этилади. Уларнинг кўпчилиги биринчи марта жамоатчиликка тақдим этилади.

ХХ асрнинг биринчи чорагида Туркистон жадидлари таълим-тарбия жамият тараққиётининг энг ишончли воситаси, деб ҳисоблаганлар. «Тараққий», «Нажот», «Шуҳрат», «Самарқанд», «Садои Туркистон», «Садои Фарғона» газеталари ҳамда «Ойина» журнали жамиятни тараққиёт йўлига олиб бориш мақсадида ташкил этилган.

1922 йилнинг биринчи ярмида жадидлар ёшларни чет элларга таълим ва маданий алмашинувга тайёрлашда муҳим рол ўйнаган, маърифатпарварлик ва миллий истиқлол ғояларини янада ривожлантириш учун таянч ва минбар вазифасини ўтаган «Кўмак» жамиятини тузган.

«Ўша даврлар ижтимоий ва иқтисодий қолоқликни бартараф этишни тақозо этар эди. Жадидлар тараққиётга фақат маориф орқалигина эришиш мумкинлигини англаб етадилар. Уларнинг таълим соҳасидаги ислоҳотлари нафақат ёшларнинг саводхонлигини ошириш ва дунёқарашларининг кенгайишига хизмат қилади, балки келгуси ижтимоий-иқтисодий эврилишларга ҳам замин яратади», — деди Марказий Осиё бўйича етакчи мутахассис, Карлтон коллежи (АҚШ) тарих фанлари профессори Адиб Холид.

«Жадидлар саъй-ҳаракатлари шарофати билан маориф ижтимоий ҳаётни ўзгартиришнинг қудратли қуролига айланиб, Марказий Осиёнинг келгуси ривожига асос солади», — деди у.

Кўргазмага кириш пулли. Чипталар iticket.uz сайтида сотилади.