17 июль куни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Korzinka супермаркетлар тармоғига оид қўзғатилган ишда уни айбдор деб топди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.

Иш 15 июль куни компаниянинг «энг арзон нарх» деб эълон қилган маҳсулотларининг нархи бошқа супермаркет ва бозорлардаги нархлардан фарқ қилмаслиги аниқлангач очилганди. Қўмита буни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолат дея таъкидлаган.

Орадан бир ку ўтиб, Korzinka «энг арзон нарх» ҳақидаги рекламани қоидабузарлик деб ҳисобламаслигини билдирди. Korzinka супермаркетлар тармоғи «энг арзон нарх» иборасидан фойдаланишни қоидабузарлик деб ҳисобламаслигини таъкидлади. Компанияга кўра, дастур «вақтинчалик реклама эмас, балки янги нарх стратегияси» бўлиб, унда энг паст нархлар «узоқ муддатли ва ҳар куни» таклиф этилади.

«Қўмитанинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши юзасидан ишларни кўриб чиқиш бўйича махсус комиссияси томонидан қўзғатилган ишда Korzinka супермаркетлар тармоғи бренди остида фаолият кўрсатувчи Anglesey Food МЧЖ айбдор деб топилиб, унга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима (БҲМнинг 50−70 баравари ёки 17−23,8 миллион сўмни ташкил қилиши мумкин) қўллаш юзасидан судга киритиш бўйича қарор қабул қилинди», — дейилади қўмита хабарида.

Шунингдек, унга ушбу реклама бўйича қонун бузилишига йўл қўйилган ҳолатларни 1 ой муддатда бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

Ваколатли органнинг ушбу қароридан норози бўлган томон судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, дея қўшимча қилди қўмита.

«Шуни алоҳида таъкидлаб ўтган бўлар эдикки, Рақобат қўмитаси барча тадбиркорлик субъекти вакилларини мамлакат иқтисодиёти ва аҳолининг бандлигини таъминлашдаги ҳиссаларини қадрлаган ҳолда, мамлакатимизда мавжуд амалдаги қонунчилик ҳужжатларига асосан қонуний фаолият олиб боришларини ва жамиятимизда демократик қонуний муҳит шаклланишига ўз ҳиссаларини қўшишларини сўраб қоламиз», — дея таъкидланади хабарда.

Korzinka баёноти

Korzinka`нинг хабар беришича, махсус комиссия қарори ва қўмита хабарида қайд этилган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар компанияга тақдим этилмаган.

17 июль куни қўмита тингловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди, унда компания «қўшимча маълумот тақдим этди ва барча саволларга жавоб берди». Йиғилиш якунлари бўйича махсус комиссия қарори 5 иш куни ичида тақдим этилиши маълум қилинди.

«Биз, аввалгидек, қонунчиликка зид ҳаракат амалга оширмаганмиз, деб ҳисоблаймиз. Айниқса, қарор матни ва кўрсатмалар билан танишиш имконимиз йўқ бўлган ҳозирги ҳолатда қўмитанинг ушбу баёнотини ҳам асоссиз деб ҳисоблаймиз», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, агар махсус комиссия қарори ёзма шаклда тақдим этилса ва унга рози бўлинса, компания ушбу қарор устидан 30 кун ичида судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.