Президент қарорига мувофиқ, Илхом Хайдаров Уткурович ташқи ишлар вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди. У бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимини тарк этган Раҳматилла Нуримбетов ўрнини эгаллаши кутилмоқда.

Илҳом Ҳайдаров 1992 йил Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ), 1993 йил Халқаро пахта мактабини (АҚШ), 1997 йил Россия ташқи савдо академиясини тугатган. У меҳнат фаолиятини Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги «Машсаноат» ширкати мутахассиси вазифасидан бошлаган.

У 2006 — 2009 йилларда Ўзбекистоннинг Украинадаги фавқулодда ва мухтор элчиси, 2009−2018 йилларда «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимларида меҳнат қилган. 2018 йилдан 2024 йил мартига қадар «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси бўлган.

Ҳайдаров 2020 йил «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.