Шавкат Мирзиёев 17 июль куни ўтказган видеоселектор йиғилишида йил якунигача бажарилиши керак бўлган ишлар ҳақида гапирди. Бунинг учун 2 триллион сўм йўналтирилади.
Унга кўра, 2024 йил охиригача 570 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш ва бетон қопламали каналлар улушини 39 фоизга етказиш керак. Бундан ташқари, 13 минг километр йўл, 195 та кўприкни фойдаланишга топшириш зарур.
Жорий йилда 2 минг 152 та кўп қаватли уй-жой барпо қилиб, 100 мингдан зиёд хонадонни фойдаланишга топшириш режа қилинган. Бунинг учун 9 мингта хонадонли 195 та уй-жой қурилишини тезроқ бошлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди, дейилади хабарда.
Президент ичимлик суви инфратузилмасини яхшилашга ажратилаётган маблағларнинг самарасини аҳоли кундалик ҳаётида ҳис қилиши шартлигини таъкидлади. Жумладан, ҳудудларда 2 минг километр тармоқ, 99 та сув иншооти ва 1 та оқова сув насос станциясини ишга тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, давлат раҳбари жамоат транспорти тизимидаги ўзгаришларни тизимли давом эттириш бўйича топшириқ берди. Президент Транспорт вазирлигига йил якунигача барча вилоят марказларида йўловчи ташишни брутто-шартнома асосида молиялаштиришни жорий қилиш вазифаси юкланди. Мингта автобус олиб келиш режасини тўлиқ бажариб, ҳудудларга етказиш вазифаси қўйилди.
Жамоат транспортида электрон тўлов тизимини тўлиқ жорий қилиб, уни оммалаштириш Транспорт вазирлигининг устувор вазифаларидан бири бўлади, дейилади хабарда.