16 июль куни «Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-257-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди.

Қарорга кўра, Ногиронликни белгилашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

  • 2024 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятининг туман (шаҳар)ларида босқичма-босқич эксперимент тариқасида, 2025 йил 1 сентябргача республиканинг қолган ҳудудларида:
  • фуқароларга ногиронликни белгилаш бўйича ЯИДХП (my.gov.uz), «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорларга мурожаат қилиш имконияти яратилади;
  • тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси (ТИЭК) кўриги учун фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини йўллаш оилавий шифокорлар томонидан электрон тарзда амалга оширилади;
  • «Инсон» марказлари ходимлари томонидан 18 ёш ва ундан катта шахсларнинг функционаллигини баҳолаш тартиби жорий этилади. Бунда баҳолаш натижалари 2025 йил 1 сентябргача ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланмайди;
  • шахс соғлиғининг ҳолатига кўра «Инсон» марказларига бориш имконига эга бўлмаганда соғлиғининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш шахснинг уйида ёки даволанишда бўлган стационарда ўтказилади;
  • 2024 йил 1 октябрдан ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) ТИЭКлар томонидан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронлик туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан белгиланади.

Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 апрелдан:

  • фуқароларни ТИЭК кўригига йўллаш учун лозим бўлган амалдаги даволаниш муддатлари бўйича талаб бекор қилинади ҳамда ҳар бир касалликнинг кечиши ва туридан келиб чиқиб алоҳида белгиланади;
  • ТИЭК томонидан касбга, спортга ва таълимга тавсия бериш тартиби бекор қилинади;
  • ТИЭКнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш ҳамда махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилашга оид функциялари давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилиши орқали тугатилади;
  • 18 ёшдан катта шахсларга ногиронликни белгилашда ногиронликнинг муддати, сабаби, тиббий реабилитация тадбирлари, шунингдек, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлигига оид маълумотлар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида шакллантирилади.

2025 йил 1 сентябрдан туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан фақат тиббий ҳужжатларга асосан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронликни шахс соғлиғининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб электрон тарзда белгилаш тартиби йўлга қўйилади.

Қарорга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратида ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий хизматлар кўрсатилиши жараёнини мувофиқлаштириш бўйича вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилади.

Шунингдек, асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлган 3 та штат бирлигидан иборат шўъба ташкил этилади:

  • ногиронликнинг олдини олиш тадбирлари амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
  • ногиронликни белгилаш мақсадида шахсларни тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш учун юбориш жараёнини мувофиқлаштириш;
  • ВМК ва оилавий шифокорлар малакаси оширилишини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • оилавий шифокорлар томонидан ТИЭК кўриги учун тиббий ҳужжатларни юбориш жараёнини рақамлаштириш ва тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиш жараёнини мувофиқлаштириш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий хизматлар, жумладан тиббий реабилитация хизматларини кўрсатиш тизимини мувофиқлаштириш.

Қарорга мувофиқ, тиббий-ижтимоий экспертиза фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2024 йил 1 октябрдан:

  • ТИЭК ходимларини улар фаолияти самарадорлигининг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) бажарилишидан келиб чиқиб рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади;
  • ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) ТИЭКларнинг вазифалари ва штат бирликлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКларга ўтказган ҳолда тугатилади;
  • жойлардаги ТИЭКларга педиатр, психиатр, фтизиатр штатлари ажратилади.

2025 йил 1 апрелгача қуйидаги вазирлик ва идоралар ногиронлиги бўлган шахсларни касбга, таълимга ва спортга йўналтириш тартибини ишлаб чиқиқади:

  • Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги — тарбия ва таълимга йўналтириш бўйича;
  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги — касбга тайёрлаш ва йўналтириш бўйича;
  • Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги — бандликни таъминлаш бўйича;
  • Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги — оммавий спорт ва параспортга йўналтириш бўйича.