Шавкат Мирзиёев 17 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳукуматнинг иқтисодиёт, молия ва камбағалликни қисқартириш комплексидаги устувор вазифаларини белгилаб берди.

Президент Фарғона вилояти мисолида «жуда катта ресурслар ҳали ишга солинмаганини» таъкидлади.

Давлат раҳбари бундан буён туман ҳокимларининг ўз ҳудудида маҳсулотни кўпайтириш бўйича ҳисобдорлиги бўлишини айтди. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳудудий ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича 10 та ҳисобдорлик кўрсаткичини белгилаш топширилди.

У Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари ўзини оқлаганини ҳисобга олиб, уларга «янги суръат бағишлаш зарурлигини» таъкидлади. Жумладан, ҳали 4 минг 122 та маҳаллада ихтисослашув даражаси пастлигини қайд этди.

Йил якунигача «Сайхунобод тажрибаси» доирасида хонадонбай ишлаш тизими асосида ҳар бир маҳалладаги хонадонлар учун молиявий пакет қилиб берилиши белгиланди. Бу орқали 495 минг аҳоли бандлигини таъминлаш кутилмоқда.

Мутасаддиларга иккинчи ярим йилликда «Оилавий тадбиркорлик» дастури қамровини 1,5 баробар ошириб, 4 трлн сўм ажратиш топширилди.

Йил якунигача камида 50 та янги микро-молиялаш ташкилотини очиб, уларни кредитлашга 1 трлн сўм ресурс бериш вазифаси қўйилди.

«Уйчи тажрибаси», яъни тадбиркорлар ва бизнес билан шуғулланиш истагидаги аҳоли билан манзилли ишлаш тизими асосида туман ҳокимлари тадбиркорлар билан, банклар эса мижозлари билан мунтазам учрашиб, уларга бизнесини кенгайтиришга кўмаклашиши белгиланди. Бунда туман ҳокими инфратузилма масаласи, банк эса молиявий кўмак масаласи билан шуғулланади.

Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга тадбиркорлар билан манзилли ишлаш ҳисобига йил якунигача 670 минг аҳоли бандлигини таъминлаш муҳимлигини қайд этди.

Тадбиркорлар билан маҳаллабай ишлаш бўйича «Ғиждувон тажрибаси» асосида туман ҳокимларига йил якунига қадар 1 мингта маҳаллада вертикал ўсадиган саноат биноларини ташкил қилиш топширилди.

Бундай биноларда хонадонларда ташкил қилинган, лекин кенгайиш имкони бўлмаган ишлаб чиқаришлар учун шароитлар яратилади. Ушбу саноат марказларининг иккинчи ва ундан юқори қаватларида ишлаётган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади.

Президент туман даражасида катта лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган «Зарбдор тажрибаси» асосида саноат, савдо, хизмат ва замонавий агротехнологиялар соҳасида камида 5−7 тадан «драйвер» лойиҳа ишлаб чиқиш зарурлигини айтди. Улар туманлардаги саноат зоналари, бўш турган давлат объектларига жойлаштирилади.

Энг яхши лойиҳаларга жорий йилда 500 млрд сўм ажратилиши белгиланди. Бу орқали яна 150 минг иш ўрни яратиш мумкин. Умуман, айтилган 4 та тажрибани қўллаган ҳолда йил якунигача 2 млн 416 минг аҳоли бандлигини таъминлаш режасини тасдиқлаш топширилди, дейилади хабарда.

Президент 2024 йилнинг биринчи олти ойида ялпи ички маҳсулот 6,4 фоизга кўпайганини айтганди. Бюджет даромадлари 113 трлн сўмга етиб, 14 фоизга ўсган, 1,6 млн аҳоли расмий банд бўлган.

Мазкур йиғилишда бош вазирнинг 28 та туман-шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий жазо қўллаш ва 10 нафар ҳокимни ишдан олиш бўйича таклифини қўллаб-қувватланди.