Газ ресурслари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи Ultimo Group Limited МЧЖнинг 50 фоизлик улушига эгалик қилувчи тадбиркор ва мазкур компания директори Туҳфатхўжа Анвархўжаев 2024 йил апрель ойида эълон қилинган материаллар сабаб «Озодлик» радиосининг ўзбек таҳририяти ҳамда унинг журналисти Лазизхон Олимов (Азиз Нур) устидан судга даъво аризаси киритди.

Мазкур иш фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судида судья А. Ражабов раислигида кўриб чиқилмоқда. 12 июль куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида даъвогар Туҳфатхўжа Анвархўжаевнинг адвокати Давронбек Ахматов, учинчи шахс сифатида жалб қилинган «Ўзтрансгаз» АЖнинг икки нафар ходими иштирок этди, дея хабар бермоқда суд жараёнида қатнашган «Газета.uz» мухбири.

Судда даъвогарнинг адвокати Давронбек Ахматовнинг таъкидлашича, мазкур суриштирувларда айтилган маълумотларнинг бирортаси ҳақиқатга тўғри келмайди. Материал тадбиркор Туҳфатхўжа Анвархўжаевнинг шахс сифатида қадр-қиммати ҳамда у 50 фоизлик улушдор ҳисобланган Ultimo Group Limited компаниясининг ишчанлик обрўсига путур етказган. Суриштирув оммага намойиш этилгач, тадбиркорнинг кўплаб бизнес ҳамкорлари унинг шахси ва фаолиятини шубҳа остига олиб, ҳамкорликни тўхтатган ҳамда келгусида амалга ошириш кўзда тутилган бир қанча режалар «чиппакка чиққан».

Унинг сўзларига кўра, судга даъво аризаси киритилган вақтда «Озодлик»нинг YouTube`даги саҳифасида эълон қилинган суриштирув 1 миллион мартадан зиёд кўрилган, унга 3 800 та изоҳ ёзилган бўлиб, шундан 2 мингтаси негатив, 1 200 дан ортиғи эса ҳақоратли изоҳлардан иборат. «Бу негатив ва ҳақоратли изоҳлар албатта, ўз изини қолдиради, яъни тадбиркорга ва унга тегишли бўлган компаниянинг ишчанлик обрўси, қадр-қиммати ҳамда компаниянинг бизнесдаги ривожланишига зиён етказади», — деди адвокат.

Даъво аризасига кўра, суриштирувдаги компания қисқа вақт ичида жуда катта миқдорда газ етказиб берадиган ташкилотга айлангани ҳақидаги фикрлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ultimo Group Limited компанияси Ўзбекистон қонунчилиги бўйича 2021 йилда давлат рўйхатидан ўтган, унинг 50 фоизи даъвогар, яъни Туҳфатхўжа Анвархўжаевга, қолган қисми эса Матлуба Қаюмова исмли шахсга тегишли. Компания хориждан куз-қиш мавсуми ҳамда улгуржи истеъмолчилар газдан қийналган вақтда четдан газ импорт қилиб «Қизилқумцемент» АЖга етказиб берган, компания ўзбек газини сотиш ёки унда воситачилик қилмаган.

Суриштирувда Ultimo Group Limited МЧЖ БААнинг Шаржа шаҳридан рўйхатдан ўтган Ultimo Group FZE-LLC ҳамда Дубайда очилган Ultimo Group FZCO компаниялари билан алоқадорлиги қайд этилган.

Тадбиркор Туҳфатхўжа Анвархўжаев адвокатининг айтишича, материалда тилга олинган БААдаги ушбу компаниялар билан боғлиқлик мавжудлигини исботловчи бирорта ҳам асосли ҳужжат келтирилмаган. Ultimo Group Limited`нинг юқорида номи таъкидланган хориж компаниялари билан умуман алоқаси йўқ ва бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Лондондан Гонгконгача чалкаш компания тармоқлари мавжуд, дея айтилган гаплар ҳам ҳақиқатдан йироқ, бу компаниянинг ишчанлик обрўсига путур етказиш мақсадида тарқатилган ахборот, деб ҳисобланишини қайд этди адвокат.

Материалда Ultimo Group Limited қисқа вақт ичида кутилмаганда газ шартномалари бўйича Ўзбекистонда ўртакашга айлангани қайд этилган. Даъвогар ҳимоячисининг фикрича, компания ҳеч қачон Ўзбекистон газини етказиб бериш, сотиш ёки унда ўртакашлик билан шуғулланмаган. «Озодлик» компания ўртакашлигини исботлайдиган бирорта ҳам шартнома, далил ҳужжатларни келтирмаган. Мазкур оммавий ахборот воситаси ҳақиқатга тўғри келмайдиган, нотўғри, ўйлаб топилган ва аудитория қулоғига ёқадиган сохта маълумотларни тарқатиб, компания номи ва даъвогарнинг қадр-қимматини камситган.

Суриштирувда «Давлатнинг стратегик корхоналари нега айнан қоғозда бор, амалда йўқ Ultimo Group Limited МЧЖдан устама ҳақ тўлаб, газ олишга мажбур бўлиб қолди? Нега ҳукумат тепасидагилар бу арвоҳ компанияга бундай имтиёзни берди? Бу МЧЖ маҳаллий ёҳуд „Туркмангаз“ қазувчиси билан давлатнинг „Ўзтрансгаз“ компанияси ўртасидаги олди-бердида нима қилиб юрибди?», каби саволлар ўртага ташланган.

Ultimo Group Limited компанияси директорининг даъво аризасига кўра, аслида ҳеч кимга имтиёз берилмаган, компания фаолияти лицензия асосида амалга оширилади, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган. МЧЖ раҳбари Туркманистонда газ ишлаб чиқарувчи ҳамда етказиб берувчи компаниялар билан тадбиркор сифатида келишувга эришиб, ўзи харидор топяпти ва газни етказиб беряпти. Бу гаплар ҳам тўғридан-тўғри компаниянинг ишчанлик обрўсига, шахс қадр-қимматига салбий таъсир кўрсатган.

Материалда Ultimo Group Limited МЧЖнинг айни дамдаги таъсисчилари шахсияти ҳақида ҳам сўз боради. Жумладан, компаниянинг 50 фоиз акцияларига эгалик қилувчи тадбиркор Туҳфатхўжа Анвархўжаев тўғрисида сўз бораркан, «ҳам исми, ҳам фамилияси хўжалар авлодидан эканини писанда қилаётган бу шахс ким бўлса экан?», деган фикрлар айтилган. «Озодлик» материалида тадбиркор Туҳфатхўжа Анвархўжаев ДХХнинг узоқ йиллик расмийларидан бири Шавкат Агзамходжаевнинг ўғли, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Агзамхўжаевнинг эса жияни эканлиги таъкидланади.

Адвокатнинг айтишича, суриштирувдаги бу маълумотлар ҳам тадбиркорнинг шахс сифатидаги қадр-қимматига путур етказган. «Шахсга оид маълумотлар нега келтирилган? Оиласини, ота-онасининг қаерда ишлаганлиги бунга нима алоқаси бор?», — деди ҳимоячи.

Ultimo Group Limited компанияси директори даъво аризасида «Озодлик»да эълон қилинган суриштирувда айтилган яна қатор пунктларга эътироз билдирган.

Даъвогар адвокати Давронбек Ахматовнинг қайд этишича, у «Озодлик» радиосининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кўрсатилган рақамларга: Прагадаги бош офиси телефон рақамларига бир неча марта қўнғироқ қилган, аммо ўзбек хизмати таҳририяти унинг қўнғироқларига жавоб бермаган, боғлана олмаган. Маълум вақт ўтиб, адвокат жавобгарлардан бири «Озодлик» журналисти Лазизхон Олимов (Азиз Нур) билан телефон орқали мулоқот қилган, унга судга даъво аризаси киритилгани, иш бўйича «Озодлик» радиоси ва унинг журналисти Лазизхон Олимов ҳам жавобгар эканлиги ҳамда уларни ёки вакилларини суд мажлисида қатнашишини сўрган. Бироқ, суд мажлисида ушбу ОАВдан бирорта ҳам вакил қатнашмади.

Судьянинг айтишича, суд томонидан «Озодлик» радиосининг электрон почтасига даъво аризаси нусхаси ва чақирув қоғози юборилган ҳамда қабул қилингани ҳақида хабар келган. Лекин ўзбек таҳририяти ходимлари юборилган ҳужжатларни ўқиган ёки ўқимаганлиги тўғрисида аниқ маълумот мавжуд эмас. Шунингдек, журналист Лазизхон Олимов (Азиз Нур)нинг Тошкентдаги уйига чақирув қоғози жўнатилган. Аммо унинг онаси фарзанди у билан бирга яшамаётганлигини айтиб, чақирув қозоғини қабул қилиб олмаган.

Даъво аризасида ёзилишича, Ultimo Group Limited компанияси директори Туҳфатхўжа Анвархўжаев «Озодлик» радиосидан раддия эълон қилиш ҳамда маънавий зарар учун 100 миллион сўм ундиришни талаб қилмоқда.

Суд ишга оид далиллар етарли эмаслиги сабабли 19 июль, жума кунигача танаффус эълон қилди. Судья жараёнга Ultimo Group Limited компаниясининг 50 фоиз акцияларига эгалик қилувчи Матлуба Қаюмова ҳамда жавобгар «Озодлик» радиоси вакилларини жалб қилинишини таъкидлади.

Маълумот учун, Ultimo Group Limited компанияси 2021 йилнинг 10 мартида ташкил этилган бўлиб, орадан бир ой ўтиб, «Қизилқумцемент» билан 315 миллиард сўмлик (30 миллион долларга яқин) шартнома имзолаган.

Sinoimex веб-сайтига кўра, Ultimo Group Limited 2021−2022 йилларда «Туркмангаздан» газ сотиб олган.