17 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида Америка технология университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Аризона давлат университети билан ҳамкорликда мазкур олийгоҳни очиш масаласи Шавкат Мирзиёев ҳамда Cintana таълим компанияси асосчиси ва раиси Дуглас Беккер ўртасида ўтган йилнинг сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинганди. Сўнгра президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Аризона давлат университети ва Cintana Education компанияси ўртасида Тошкентда университет ташкил этиш бўйича меморандум имзоланган.

Ўзбекистонда Вебстер университетидан кейин иккинчи Америка олий ўқув юртига айланадиган хусусий ОТМ 2024/2025 ўқув йилида ўз фаолиятини бошлайди. Университет «академик, молиявий ва ташкилий мустақил олий таълим ташкилоти» бўлади. У ерда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади ҳамда қабул параметрлари ва талабаларни ўқитиш учун тўлов-контракт суммаси университет томонидан белгиланади.

Университет муҳандислик, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, архитектура ва дизайн, иқтисодиёт ва молия, халқаро муносабатлар соҳалари учун олий маълумотли кадрларни халқаро стандартлар даражасида тайёрлаши керак.

Битирувчиларга Aризона давлат университетининг ёки АҚШда тан олинадиган ҳамкор хорижий олий таълим ташкилотининг дипломи берилади. Бунда битирувчиларга берилган диплом Ўзбекистонда ҳам тан олинади.

Талабаларга қўшма таълим дастурларининг хорижий университетда ўқиш қисмини бакалавриатда «3+1», магистратурада «1+1» ва бошқа шаклда, жумладан, масофавий тарзда амалга ошириш имконияти яратилади.

Cintana Education университетни ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш учун 2024−2030 йилларда 30 млн доллар, 2030−2035 йилларда 20 млн доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда инвестицияларнинг камида 50 фоизига ОТМ моддий-техника базасини шакллантириш мажбуриятини олди.

Университетга Aризона давлат университети ҳамкор сифатида жалб этилади ҳамда унда таълим жараёни ҳамкор университетнинг андазаси, ўқув-методик ва технологик қўллаб-қувватлаши асосида ташкил этилади.

Компания, шунингдек, университетнинг кутубхона фондини шакллантириши, уни замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий-техник адабиётлар билан тўлдириши ҳамда талабалар учун Aризона давлат университетининг кутубхона фондидан фойдаланиш имкониятини яратиши керак.

Олийгоҳ Тошкент шаҳрининг Бешёғоч кўчаси 1-уй манзилидаги бино-иншоотларда 49 йил муддатга ижарага жойлаштирилади.

Қарор билан, Президент администрациясининг Ижтимоий ривожлантириш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов раҳбарлигида янги университет фаолиятини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириш бўйича бошқарув кенгашини тузиш маъқулланди. Кенгашга университетни ривожлантириш дастури, мақсадли кўрсаткичлари лойиҳасини кўриб чиқиш ва келишиш, олдига қўйилган вазифалар ижроси, мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолатини назорат қилиб бориш ва йиллик ҳисоботларни қабул қилиш, таъсисчиларнинг инвестициявий ва бошқа мажбуриятлари бажарилиши юзасидан мониторинг олиб бориш, ректор ва проректорлар лавозимига тавсия этилаётган номзодларни кўриб чиқиш ва хулоса бериш, ўз таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашга рухсат бериш кабилар топширилди.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 сентябрга қадар университет кампусини қуриш учун Тошкент шаҳри ҳудудидан белгиланган тартибда зарур ер майдони ажратилиши лозим.