Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров 18 июль куни рафиқалари билан бирга Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари бошланишига бағишланган концертда иштирок этди.
Президент матбуот хизматига кўра, икки мамлакат санъат усталарининг ушбу концерти «чуқур тарихий илдизлар билан боғланган, дини бир, қадрият ва анъаналари муштарак ўзбек ва қирғиз халқларининг кўп асрлик дўстлиги ифодаси бўлди».
«Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчиларининг иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли қардош халқлар янада яқинлашди, давлатлараро муносабатлар эса кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилди», — дейилади хабарда.
Айтилишича, санъаткорлар ижро этган куй-қўшиқларда халқлар маданиятининг бойлиги, ўзига хослиги ўз ифодасини топган.