Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров ўртасида бўлиб ўтган музокаралар якунида қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилинди, дея хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Давлат раҳбарлари кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнотни имзолади. Ташриф давомида 16 та ҳужжат имзоланди, жумладан:

  1. Қирғиз Республикасининг Иссиқкўл вилояти ҳудудида жойлашган курорт-ҳордиқ хўжалиги объектлари бўйича ҳукуматлараро битим;
  2. Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома;
  3. Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисида баённома;
  4. Қурилиш фаолияти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
  5. Меҳнат, аҳоли бандлиги ва миграция соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
  6. Маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
  7. Давлат хизмати соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
  8. 2024−2030 йилларда ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
  9. 2024−2026 йилларда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси;
  10. 2024−2026 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»;
  11. 2024−2026 йилларда Тошкент ва Бишкек шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
  12. Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Қирғиз Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти ўртасидаги меморандум ва бошқалар.

Садир Жапаров билан бўлган тор ва кенгайтирилган доирадаги учрашувларда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга кучли ва фаровон қўшни — Қирғизистон кераклигини таъкидлади. Жапаров эса Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш Қирғизистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканини айтди.

Шунингдек, учрашувлар давомида Қирғизистоннинг Чуй вилоятида Ўзбекистон ҳамкорлигида Cobalt, Onix ва Tracker автомобилларини ишлаб чиқариш заводи ишга тушгани хабар қилинди.