Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 17 июль куни «Автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Ҳужжат Йўл ҳаракати қоидаларига, жумладан, скутерлар, электросамокатлар ва бошқа индивидуал ҳаракатланиш воситалари (ИҲВ) ҳаракатини тартибга солишга ўзгартиришлар киритади.

Ҳужжат ЙҲҚга скутер тушунчасини киритди — бу электродвигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, лекин 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ортиқ, бироқ 50 километрдан ошмайдиган икки ёки уч (тўрт) ғилдиракли скутерлар ва уларга тенглаштирилган транспорт воситалари. Худди шундай тавсифларга эга бўлган квадротцикл (квадротцикл), тритцикл ҳамда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишига мослаштирилган бошқа транспорт воситалари скутерларга тенглаштирилди. Скутерда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ҳамда йўловчилар махсус мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари шарт.

Дастлаб, лойиҳада тезликнинг 50 км/соатгача бўлган чегараси ҳақида ёзилмаган эди, унинг ўрнига двигателнинг ҳажми (агар у ички ёнув двигатели бўлса) 25 куб сантиметрдан кўпроқ бўлиши белгиланганди.

Бундан ташқари, электромотоцикл тушунчаси ҳам жорий қилинди. Электромотоцикл — бу электродвигателининг қуввати 4 киловатт ва ундан ошадиган, конструктив тезлиги соатига 50 километр ва ундан ошадиган ён тиркамасиз ёки ён тиркамали (кажавали) икки ёхуд уч (тўрт) ғилдиракли транспорт воситаси.

Индивидуал ҳаракатланиш воситаларига эса двигатель (двигателлар) (электросамокат, электр скейтбордлар, сегвейлар, уницикллар, моноғилдираква бошқа шунга ўхшаш воситалар) ёрдамида одамнинг индивидуал ҳаракатланишиучун мўлжалланган бир ёки бир нечта ғилдираклари (роликлари) бўлган транспортвоситаси киради.

Қарор билан қуйидагилар тақиқланади:

  • велосипедчилар учун тасма ёки пиёда ва велосипед йўлкаси мавжуд бўлганда (уларда ҳаракатланишининг имкони бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно) йўлнинг қатнов қисмида, йўл ёқаларида ёки қатнов қисмининг четида ҳаракатланиш;
  • узунлиги ёки кенглиги 0,5 метрдан ортиқ ташқарига чиқадиган ёки бошқарувга халақит берадиган юкларни ташиш;
  • пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланиши (индивидуал ҳаракатланиш воситаларини етаклаб ўтиш ҳолатлари бундан мустасно);
  • 14 ёшдан кичик шахсларнинг бошқариши (турар жой даҳалари, истироҳат ва ҳайвонот боғлари, болалар майдончалари, кўнгилочар жойларда ҳамда ёпиқ ҳудудларда бошқариш бундан мустасно);
  • спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кучли таъсир қилувчи моддалар таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бошқариш;
  • бир ёки бир нечта индивидуал ҳаракатланиш воситаларини шатакка олиш;
  • тормоз тизими, руль бошқаруви, товушли ишораси, шунингдек, сутканинг қоронғи вақтида ёки кўриниш чекланган вазиятларда носоз фара чироқлари ёки фонарлар ҳамда орқа фара чироқлари ишламайдиган ёки нур қайтаргичлар билан жиҳозланмаган индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқариш;
  • рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш (руль бошқаруви мавжуд бўлган индивидуал ҳаракатланиш воситалари учун);
  • одам ташиш;
  • телефондан фойдаланиш.

Индивидуал ҳаракатланиш воситалари олд томонидан фара чироқлари ва орқа томонида огоҳлантириш чироқлари ёки нур қайтаргичлар билан жиҳозланган бўлиши шарт.

Индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқарадиган шахслар ҳаракат давомида йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиши, тротуарлардан, пиёдалар йўлкаларидан, пиёда ва велосипед йўлкаларидан соатига 10 километр тезликдан юқори бўлмаган ҳолатда, улар бўлмаганда эса йўлнинг ўнг четки қисмида соатига 20 километр тезликдан (дастлаб лойиҳада 6 км/соатгача бўлиши таклиф қилинган эди) юқори бўлмаган ҳолатда ҳаракатланиши, турар жой даҳаларидан чиқиш вақтида бошқа ҳаракат қатнашчиларига йўл бериши, қатъий равишда ҳаракат йўналиши бўйича бошқариш керак, дейилади ҳужжатда.

Шунингдек, янги йўл белгилари жорий этилмоқда:

индивидуал ҳаракатланиш воситалари, скутер, электромотоцикл, электросамокатлар

3,34. «Индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқариш тақиқланган»

индивидуал ҳаракатланиш воситалари, скутер, электромотоцикл, электросамокатлар

3.5,1. «Скутер ва мопедлар ҳаракатланиши тақиқланган»

Аввалроқ davletovuz Телеграм канали муаллифи, блогер Қобил Хидиров таклифларга изоҳ берар экан, «шаҳарларни ёппасига эгаллаб олаётган скутерлар фаолияти аллақачон тартибга солиниши керак бўлгани», бироқ янги тартиб-таомиллар «яна пиёдалар ҳақи эвазига амалга оширилаётгани»ни қайд этганди.

«Шундоқ ҳам пиёданинг йўлаги тор, унга машина парковка қилган, кундан-кун оммалашаётган «доставка»чилар чиқиб олишган, мана энди, электр самокат юриши ҳам мумкин бўлмоқда (аслида юрибди). Пиёда, айниқса, ёш боласи билан трассада юрди нима — пиёда йўлагида юрди нима — яна юрагини ҳовучлаб юришга мажбур бўляпти», — деб ёзади у.

Блогернинг фикрича, велосипедлар, скутерлар ва бошқа ИҲВлар учун инфраструктура автомобиль йўли қисмидан ажратилиши, шарт-шароит яратиб берилиши керак.

«Пиёданинг йўлагини тинч қўйинглар! Яна бир гап. Сайилгоҳ, боғлар, анҳор бўйларида эса электр скутер, электр самокат деган балони мутлақо тақиқлаш керак. Сал эътиборсиз қолсангиз, янчиб ўтиб кетади. Ишонмасангиз, юриб кўринг. У жойлар ҳаловат учун, хавфсираб юриш учун эмас», — деди у.