Шавкат Мирзиёев 17 июль куни Эроннинг янги сайланган президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев «Масъуд Пезешкиённи бўлиб ўтган президент сайловидаги ғалабаси билан самимий қутлаб, масъулиятли давлат лавозимида катта муваффақиятлар тилади».

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада ривожлантириш, савдо, инвестиция ва транспорт соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми, қўшма лойиҳа ва корхоналар, авиақатновлар сони ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Томонлар аввалроқ икки давлат раҳбарлари эришган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратди ҳамда энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва бошқа тармоқлардаги ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини қайд этди.

Бундан ташқари, минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Масъуд Пезешкиён Эроннинг аввалги раҳбари Иброҳим Раисий май ойида вертолёт ҳалокатида вафот этганидан кейин президент этиб сайланган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев уни ғалаба билан табриклар экан, Ўзбекистон сўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётган катта салоҳият ва имкониятларга эга Эрон билан турли соҳаларда ҳамкорликни янада изчил ва самарали кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлаганди.