Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, Чуй вилоятида замонавий енгил автомобиллар ва тижорат техникалари ишлаб чиқарувчи Tulpar Motors заводи ишга туширилди. Хусусан, у ерда Cobalt, Onix ва Tracker русумли енгил ҳамда юк автомобиллари йиғилади.

uzauto motors, садир жапаров, шавкат мирзиёев, қирғизистон

Kabar.kg маълум қилишича, шу бугуннинг ўзида Чуй вилоятининг Москва туманида Tulpar Motors автомобиль йиғиш заводининг расмий очилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Айнура Усенбекова ва UzAuto Motors бош директори Бу Андерсон иштирок этди.

Ўзбек ишлаб чиқарувчиси билан ҳамкорликда иш бошлаган заводда енгил автомобиллардан ташқари Isuzu шассиси асосидаги юк автомобиллари, Isuzu D-MAX пикаплари, SAZ LE60 паст полли шаҳар автобуслари ва SAZ HD50 шаҳарлараро автобуслари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Завод қуввати йилига 10 минг, кейинчалик 30 минг дона автомобилгача кенгайтирилади. Ишлаб чиқариш мингдан ортиқ иш ўрни билан таъминлайди. Завод қурилиши 2023 йилнинг май ойида бошланган бўлиб, унинг умумий майдони 4,5 гектарни ташкил этади.

Бундан ташқари, икки мамлакат президентлари Фарғона ва Наманган вилоятларида умумий қуввати 400 мегаватт бўлган иккита қуёш электр станцияси қурилишига старт берилди. Ушбу станцияларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси Қирғизистонга етказиб берилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Қора-Балта шаҳрида тикув-трикотаж маҳсулотлари ва мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхонага замонавий технологик ускуналар етказиб берилиб, ўрнатилди.

«Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ушбу лойиҳалар мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар», — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.