Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳасида пойтахтнинг янги ҳудуди — Янги Тошкентни қуриш кўзда тутилган. Шаҳар 20 минг гектар майдонни эгаллайди. 1000 гектар майдондаги дастлабки ер участкалари жорий йилда сотувга чиқарилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясининг шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлаш бўлими бошлиғи Саидазим Шарипов 25−28 апрель кунлари пойтахтда бўлиб ўтган «CAEx Real Estate 2024» кўргазмасида маълум қилди.

«Газета.uz» мухбири Сабина Бакаева Саидазим Шарипов билан Янги Тошкентнинг чегаралари, шаҳар планировкаси, пойтахтнинг янги маъмурий бирлигининг энергетика тизими, транспорти ва экологияси ҳақида суҳбатлашди.

саидазим шарипов, янги тошкент

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Суҳбатнинг видео версиясига ҳавола — матн охирида.

— Янги Тошкентнинг майдони 20 минг гектарни ташкил этади. Шаҳар аҳолиси унинг чегаралари қаердан ўтишини ҳалигача тушунолгани йўқ. Чегаралар Тошкент вилоятининг Паркент ёки Чирчиқ шаҳригача борадими?

— Янги Тошкент ҳудуди мавжуд Тошкентнинг шарқий қисми билан туташади. Тошкентнинг шарқий чегараси 4P12 автомагистрали билан белгиланади. Шу ердан Янги Тошкентнинг ғарбий қисми бошланади. Шимолий чегара Янгибозор шаҳрининг қуйи чегараларида тугайди. Шарқий чегара Қорасув дарёси бўйлаб ўтади. Жанубда шаҳар тахминан Тошкент тугайдиган жойга бориб туташади.

саидазим шарипов, янги тошкент

Манба: Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси.

— Ер участкалари сотувини бу йил бошлаш кўзда тутилган экан, муайян ҳудуднинг бош режаси тузиб чиқилаётгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу қанча майдонга эга бўлган ҳудуд?

— Президентга 20 минг гектарнинг Тошкент томонига туташ яна 5 минг гектарлик ҳудуд билан умумий концепциясини тақдим этдик. Ҳозирда 6 минг гектарлик ҳудуд учун биринчи босқичнинг бош режасини ишлаб чиқдик. Ушбу 6000 гектарлик ҳудуд ичида 1000 гектарнинг батафсил планировкаси лойиҳаси тайёрланди. Яъни, бу йил сотувга қўйилиши кўзда тутилган ер участкалари 1000 гектарлик ҳудуд ичида жойлашади.

2024 йил 13 май ҳолатига кўра, иккита ер участкаси аллақачон сотувга қўйилган.

саидазим шарипов, янги тошкент

Янги Тошкентнинг бир қисми визуализацияси. Манба: Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси.

— Шаҳарнинг планировкаси қандай бўлади: мавзеларга бўлинган, радиал, аралаш?

— Тошкент — жуда бетакрор шаҳар. Унда сиз шаҳар планировкасининг шаҳарсозлик тарихида мавжуд барча турларини учратасиз. Шаҳарнинг марказий қисми асосий ўқ бўйлаб магистрал кўчаларга эга радиал услубда, қолган қисми эса катак (кўчалар тўғри бурчак остида кесишган) услубда планировка қилинган. Бизда совет мавзелари, кичик туманлар, режалаштирилган ва тарихий маҳаллаларни ҳам учратиш мумкин.

саидазим шарипов, янги тошкент

Тошкент шаҳри ва халқаро тажрибани ўрганиб, шуни айтишим мумкинки, диагоналига кесиб ўтган асосий кўчалар билан катак услубидаги планировка бугунги кунда шаҳар маконини ташкил этишнинг энг самарали йўли ҳисобланади.

саидазим шарипов, янги тошкент

Барселонадаги диагонал кўчалар бўйлаб жойлашган мавзелар услубидаги планировка.

Планировканинг барча шакллари қулай ҳаракатланишни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Масалан, радиал планировка милоддан аввалги II асрдан бери маълум, лекин XV-XVIII асрларда оммалашган. Асосий шаҳарлар айнан шундай планировка асосида қурилган. Кейинчалик совет шаҳарларини қуришда ушбу анъана давом эттирилди. Бироқ, муаммо шундаки, радиал шаҳар шаҳарнинг аҳолига зарур бўлган барча асосий функциялари марказда жойлашган, турар-жой бинолари эса марказ атрофида жойлашган ҳолдагина пиёдалар учун қулай. Радиал планировканинг моҳияти шундан иборатки, ҳар бир шахс ўзига керакли хизматларга энг қисқа йўл билан етиб олиш имконига эга бўлади.

Саноат инқилобидан кейин шаҳарсозлар моторли транспорт воситаларида ҳаракатланишни осонлаштириш мақсадида катакли планировкадан фойдалана бошладилар.

Шундан сўнг планировканинг катак-диагонал шакли ривожлана бошлади. Қизиқарли мисоллар қаторига Барселона ва АҚШ пойтахти Вашингтонни киритиш мумкин. Бунда катак шаклида жойлашган мавзеларни диагонал кўчалар кесиб ўтади, шунда чорраҳаларда нафақат чапга ва ўнгга бурилиш, балки диагонал бўйлаб ҳам ҳаракат қилиш мумкин.

Ушбу шаклларни ўрганар эканмиз, уларни бирлаштириш керак, деган хулосага келдик. Шунга қарамай, катакли планировка асос қилиб олинади.

саидазим шарипов, янги тошкент

Вашингтон шаҳри планировкаси. Манба: АҚШ Конгресси кутубхонаси.

Экологик каркас, пиёдалар ва велосипед инфратузилмасини шакллантириш учун жамоат боғлари, қирғоқ, велосипед ва пиёдалар инфратузилмасини бирлаштирган органик каркасни яратамиз.

Янги Тошкент ҳудудида бир неча ўн йиллар давомида шаклланган маҳаллаларни сақлаб қоламиз. Уларни умумий концепциямизга қўшиш ниятидамиз. Шаҳарнинг айрим жойларида ҳудудда шаклланган тарихий маҳаллаларга алоҳида тўхталиб ўтилади. Биз нусха кўчириш истагида эмасмиз, балки тарихий шаҳарни замонавий версияда эслатиб турмоқчимиз.

— Мавзеларнинг ўлчами қандай бўлади?

— Мавзеларнинг ўлчами турлича бўлган турли шаҳарларнинг ўзига хос афзаллик ва камчиликлари бор. Кўчалар қанчалик зич бўлса, асфальтланган ҳудуд шунчалик кўп бўлади. Масалан, Американинг Портлэнд штатида мавзеларнинг ўлчами 60 метр.

саидазим шарипов, янги тошкент

Портлэнд шаҳри планировкаси.

Қизиқарли мисол — 120 га 120 метр ўлчамдаги мавзеларга эга бўлган Барселона. Бу пиёдалар учун қулай, бироқ автомобил фойдаланувчилари учун унчалик қулай эмас. Шунинг учун улар суперблокка ўхшаш ечим таклиф қилиб, шаҳарни ислоҳ қилишмоқда. Бунда бир нечта блоклар битта суперблокга бирлаштирилади, унинг ичида тўғридан-тўғри кесиб ўтиладиган йўл бўлмайди ва автомобиллар ҳаракати тақиқланади, ушбу суперблок аҳолисини ташиш бундан мустасно. Бу ёндашув Барселонада жуда яхши ишлайди.

саидазим шарипов, янги тошкент

Барселона. Фото: city4people.ru

Нью-Йоркда мавзеларнинг ўлчами тахминан 275 га 120 метрни ташкил қилади. Булар пиёдаларга мўлжалланган тор кўчалар билан ажратилган жуда узун блоклардан ташкил топган. Бироқ, камчиликлари ҳам бор: 120 метр пиёдалар учун қулай бўлишига қарамай, автомобиллар учун жуда қисқа масофа. Шунинг учун Нью-Йоркда бир томонлама ҳаракат жуда оммалашган — бу транспорт муаммосини ҳал қилади.

саидазим шарипов, янги тошкент

Нью-Йорк. Манба: Google Maps.

Энди, келинг, Тошкентдаги мавзелар ўлчамини таҳлил қилиб кўрамиз. Совет кичик туманларининг тахминий ўлчами 700 метрни ташкил қилади. Барселонанинг суперблоклари сингари, уларда машиналар учун ҳеч қандай ўтиш жойи йўқ. Мавзе ичидаги кўчалар ё боши берк, ё бўлмаса транспортни чапга ёки ўнгга йўналтиради.

саидазим шарипов, янги тошкент

Манба: Google Maps.

Шундай маҳаллалар борки, уларда 60−100 метр ўлчамли мавзени ажратувчи кўчалар кесишмаси шаклланган. Эски маҳаллаларда тўғри чизиқли кўчаларни топиш қийин, бироқ Эски шаҳарни бир неча маҳаллага ажратиб турувчи асосий кўчаларнинг умумий ўлчамига қаралса, улар орасидаги масофа тахминан 400−600 метрни ташкил қилади.

саидазим шарипов, янги тошкент

Тошкент шаҳридаги «Эшонгузар» маҳалласи. Манба: «Яндекс» хариталари.

Мавзелар учун турли ўлчамларни таҳлил қилар эканмиз, мавзенинг ўлчами 400−500 метр бўлса, пиёдалар ва транспорт учун қулай бўлади, деган хулосага келдик. Мавзе ичида одам 5 дақиқадан камроқ вақт ичида мавзенинг жамоат транспорти ва турли хизматлар мавжуд бўлган исталган қисмига етиб бориш имконига эга бўлади.

Биз Барселона тажрибасини ўзимизга олиб, минтақамизга мослаштирдик. Бизда бу супермаҳалла шаклида бўлади. Унинг ичида одамлар, пиёдалар, велосипедчилар, шу маҳалла аҳолиси учун қулай макон яратилади. Шахсий транспорт воситаси учун тўғридан-тўғри кесиб ўтиш чекланади.

саидазим шарипов, янги тошкент

Манба: Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси.

Шунингдек, 15 дақиқалик шаҳар концепциясини жорий этиш ниятидамиз. Бунда тезюрар транспорт (метро, трамвай, BRT — тезюрар автобус) бекатлари ва хизматлар (дўконлар, поликлиникалар, дорихоналар, мактаблар, болалар боғчалари) пиёда 15 дақиқада етиб олиш мумкин бўлган радиусда жойлашади.

— Янги Тошкентнинг асосий меъморий услублари қандай бўлади?

— Меъморий услублар биноларнинг вазифаси, жойлашуви ва турларидан келиб чиққан ҳолда турлича бўлади. Биз Янги Тошкент меъморчилигини XXI аср замонавий ўзбек меъморчилиги деб биламиз. Бу замонавий архитектура, шу билан бир вақтда, Ўзбекистон меъморчилигининг бой тарихига ишора қилади. Бу бир неча минг йилликлар давомида шаклланган ва минтақанинг иқлим хусусиятларини ҳисобга олган замонавий материаллар ва анъанавий ёндашувлар ва элементларнинг синтезидир. Ана шу асосий элементларни бирлаштириб, Ўзбекистоннинг замонавий меъморчилигига эга бўламиз.

саидазим шарипов, янги тошкент

Манба: Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси.

— Йиғилишда анъанавий қурилиш билан боғлиқ, ички ҳовлили ва деразалари фақат шу ҳовлига қараган бино сингари меъморий хусусиятларга тўхталиб ўтдингиз. Айтишингизга қараганда, бу салқин ҳароратни ушлаб туриш мақсадида қилинган экан. Бундай тарихий тушунчани бугунги кунда замонавий савдо мажмуалари, кўп қаватли турар-жой мажмуалари, кутубхоналар ва бошқа жамоат биноларига қандай татбиқ этиш мумкин?

— Архитектура ва шаҳарсозликда жамоат жойи ва хусусий жой, шунингдек, semi-private (ярим хусусий) ва semi-public (ярим жамоатчилик) деб таърифланувчи ўтиб кетиладиган жой каби тушунчалар мавжуд.

саидазим шарипов, янги тошкент

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Ҳаммаси бўлиб тўртта тоифа мавжуд:

  • жамоат жойи — кўча;
  • ярим жамоат жойи — савдо марказлари ёки савдо марказининг ҳамма кириши мумкин бўлган, бироқ фақат савдо маркази орқали кириш мумкин бўлган ҳудуди;
  • хусусий жой — хусусий ҳудудлар;
  • ярим хусусий жойлар — масалан, университет, ундан фақат талабалар ва ўқитувчилар фойдаланиши мумкин.

Анъанавий ўзбек меъморчилиги ҳақида гап кетса, унда асосан хусусий ва ярим хусусий жой турларидан фойдаланилган. Бу бизнинг минтақамизнинг ўзига хослиги. Бу дин, менталитет ва, табиийки, иссиқ иқлим билан боғлиқ. Бу ерда гап асосан микроиқлимни сақлаб қолиш мақсадида қурилган ихчам ҳовлилар ҳақида бормоқда. Улар қанчалик кенгайса, салқинликни сақлаш имкони шунчалик камаяди.

саидазим шарипов, янги тошкент

Манба: Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси.

Шаҳар юқорига кўтарилар экан, замонавий қурилиш материаллари ва технологиялари имкониятлари воситасида маконни кенгайтирар эканмиз, унинг ўзига хос хусусийлигини йўқотамиз. Бу жуда фалсафий мавзу, чуқурлашишни истамайман. Бироқ саволингизга қисқача жавоб бериш учун қуйидагиларни айтиш билан чекланаман.

Биз Янги Тошкентда экологик тоза шаҳар қурмоқчимиз. Гап нафақат яшил шаҳар ҳақида, балки замонавий материаллар, замонавий қурилиш усулларидан фойдаланиш ҳақида бормоқда, зеро улар ёрдамида ҳовли қурмай микроиқлим, микромакон, шахсий макон яратиш мумкин. Табиийки, ҳамма жойда фақат очиқ ёки ёпиқ жойлар қуришни истамаймиз. Бу бинонинг вазифасига қараб аралаш бўлади.

саидазим шарипов, янги тошкент

Манба: Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси.

— Архитектуранинг экологик тозалиги, шаҳарнинг экологик тозалиги ва Янги Тошкент қурилишига қандай фалсафа билан қаралаётганига умумий тўхталиб ўтсангиз.

— Экологик тозалик қурилишнинг барча соҳаларига тааллуқли. Кўпчилик буни яшил майдонлар ва истироҳат боғлари сифатида тушунади, бироқ бу фақат битта таркибий қисм ва буни ҳисобга оламиз. Лойиҳага кўра, Янги Тошкент ҳудудининг 23 фоизи умумфойдаланишга мўлжалланган яшил майдонлар учун ажратилади. Бундан ташқари, бизда ташкилотларга ўз ҳудудининг бир қисмини дарахт экиш учун ажратиш талаби қўйилади.

Масалан, университет ҳудудининг 50 фоизи яшил майдонлар яратиш учун ажратилишини талаб қиламиз. Ва бу кўрсатилган 23 фоиздан ташқари, чунки университет ҳудуди ярим жамоат жойи бўлиб, унга кириш ҳамма учун ҳам очиқ бўлмайди. Хусусий ҳудудларни ҳисобга олганда, яшил майдонлар салмоғи 23 фоиздан сезиларли даражада ошади.

Ҳозирда сокин жамоат боғи қурилишини бошладик, токи одамларда кўчага чиқиш, сайр қилиш ва хордиқ чиқариш имкони бўлсин. Бу бутун Янги Тошкент асосий яшил каркасининг бир қисми ҳисобланади. У сунъий каналга ҳамда истироҳат боғларида учратиш мумкин бўлган бошқа турли хусусиятларга эга бўлади. Ушбу экологик тузилма бутун Янги Тошкент ҳудудини қамраб олади. Яъни, сиз сайрни боғнинг бир қисмида бошлаб, велосипедда канал ва боғ бўйлаб шаҳарнинг бошқа қисмига етиб олишингиз мумкин. Бундан ташқари, ҳар бир блокнинг жамоат боғи кўринишидаги ўзига хос яшил ҳудуди бўлади.

саидазим шарипов, янги тошкент

Манба: Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси.

Экологик тозалик, шунингдек, шаҳар бўйлаб қандай транспорт воситалари ҳаракатланиши билан боғлиқ. Биз жамоат транспортига устунлик бериш, шу тариқа атмосферага чиқиндилар ва шахсий автомобилга қарамликни камайтириш истагидамиз.

Экологик тозалик алоқа ва бинолар қурилишида қандай материаллардан фойдаланишимизга боғлиқ. Бунинг учун муайян стандартлар мавжуд. Лойиҳалаштирувчилар ва қурувчи компаниялар экологик тозалик меъёрларига риоя қилишлари ва ушбу стандартларнинг минимал талабларига жавоб беришлари учун шундай талабларни белгилашни режалаштирмоқдамиз.

Экологик тозалик қандай ресурслардан фойдаланишимиз, чиқиндиларни қандай қайта ишлашимиз ва шаҳар инфратузилмасини қандай ташкил қилишимизга боғлиқ. Инфратузилма жиҳатидан экологик тоза бўлиши учун иссиқлик, совуқлик ва электр энергиясини бир вақтда ишлаб чиқарадиган тригенерацион қозонхоналар қуришни режалаштирганмиз.

Қуёш энергиясидан фойдаланиш ҳам режамизда бор. Бунга эришиш учун Янги Тошкентдан ташқарида қуёш электр станциялари қурилади. Қолаверса, кейинчалик модернизация қилиш орқали мавжуд гидроэлектр станциялар энергиясидан фойдаланишни ҳам режалаштирганмиз.

саидазим шарипов, янги тошкент

Янги Тошкент визуализациясининг бир қисми. Манба: Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси.

Биз янги шаҳарни ҳар хил турдаги маълумотларни ўзида жамлайдиган ақлли шаҳар сифатида кўрамиз. Унинг таҳлилига асосланиб, барчага — пиёдаларга, велосипедчиларга, жамоат транспорти ва автомобил фойдалувчиларига қулай бўлиши, ҳамма нарсада мувозанат сақланиши учун шаҳар шароитларини доимий равишда такомиллаштириб бориш имкониятига эга бўламиз.

— Янги Тошкент энергетика тизимининг қурилиши давлат-хусусий шериклик шартларида амалга ошириладими ёки ҳаммаси давлат ҳисобидан қопланадими?

— Бу қандай амалга оширилади, мен жавоб бера олмайман, чунки бу менинг соҳам эмас. Лекин, шуни айтишим мумкинки, барча ер участкаларига барча инфратузилма — электр, иссиқлик ва совуқлик, ичимлик суви таъминоти, канализация ўтказилади.

Ҳар бир ер участкаси камида бир томондан алоқа тармоқларига кириш имконига эга бўлади. Қурувчи компаниялар инфратузилмага коридор қуришлари талаб этилмайди. Ҳозирда йўл ҳам қуряпмиз, чунки бу ҳам ер участкаларига кириш имконияти.

— Кўргазманинг икки йиғилишида иштирок этган Commonwealth Partnership тижорат кўчмас мулк консалтинг компанияси мутахассислари нашримизга берган интервьюсида, қурувчи компаниялар транспорт тизими қандай бўлиши аниқ бўлгандагина келишини таъкидлаган эди. Яъни, агар, масалан, қурувчи компаниялар бу ерда шаҳарлараро поезд ёки трамвай бўлишидан хабар топишса, фаол равишда инвестиция киритишни бошлайди. Чунки одамлар бу ҳудудлардан қандай ташилиши аниқ. Янги Тошкентда транспорт қандай бўлади?

— Биз нафақат Янги Тошкент, балки уни пойтахт билан боғловчи транспорт тизимини ҳам кўриб чиқяпмиз. Янги Тошкент мустақил шаҳар сифатида фаолият юритса-да, аҳолини ҳудудий жиҳатдан чеклаш имконсиз. Тошкент, Паркент, Чирчиқ, Нурафшон, Оҳангарон шаҳарлари аҳолиси Янги Тошкент тумани билан боғланади. Шунинг учун транспорт тизимини минтақавий миқёсда кўриб чиқиш лозим. Умумий транспорт оқими қандай ҳаракатланади, жамоат транспорти қандай ривожланади, уни Тошкент метрополитенининг мавжуд линиялари билан қандай боғлаш мумкин — буларнинг барчаси устида ишлаяпмиз. Биз бунга нафақат Тошкент аҳолиси, балки бутун минтақа учун қулайлик яратиш нуқтаи назаридан ёндашамиз.

Концепция босқичида асосий магистрал линияларни кўриб чиқдик. Эндиликда транспорт бўйича мутахассислар билан биргаликда жамоат транспортини алоҳида муҳокама қиляпмиз. Уни тўғри ташкил қилмасак, 15 дақиқалик шаҳар, пиёда етиб олиш имконияти ва экологик тозалик ҳақидаги бутун концепция амалда ишламайди. Жамоат транспорти йўналишлари ва бекатларини олдиндан белгилаб қўйганмиз.

Янги Тошкентнинг асосий транспорти — трамвай. У Ўзбекистон метро линиясини «Дўстлик» бекатидан давом эттиради. У ердан Янги Ўзбекистон кўчасининг бошига — ҳозирда голф клуби жойлашган қисмига боради ва шу кўча бўйлаб Янги Тошкент билан боғланади.

саидазим шарипов, янги тошкент

Манба: Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси.

Янги Ўзбекистон кўчаси ва Янги Тошкент чегарасида бутун Тошкент агломерацияси — Тошкент ва Янги Тошкент, Чирчиқ, Паркент, Янгибозор ва бошқа шаҳарлар учун транспорт хабини қуришни режалаштирганмиз. Ушбу хабдан трамвай линиялари Янги Тошкентнинг асосий кўчалари бўйлаб тарқалади.

Шунингдек, мавжуд 4P12 автомобил йўли бўйлаб Бардонкўл томон Оҳангарон йўлига олиб борувчи трамвай линиясини ётқизишни ҳам режалаштирганмиз.

Ушбу йўналишлар тўғри белгиландими, шу йўналишлар бўйлаб [трамвай изини] ётқизиш тўғри бўладими ёки қайта кўриб чиқиш яхшироқми, аниқлаб олиш мақсадида хорижлик транспорт мутахассислари билан уларни муҳокама қиляпмиз. Мутахассисларнинг дастлабки шарҳларига кўра, асосий каркас тўғри ётқизилган. Ҳозирда мавзелар ичидан ўтадиган йўналишлар устида ишлаяпмиз. Уларда трамвай ва автобус ҳаракатланади.

Бу қурилишнинг биринчи босқичига мўлжалланган режалар бўлиб, улар амалга оширилгач, Янги Тошкент шимолида тўлақонли шаҳарнинг барча функцияларига эга маъмурий туман пайдо бўлади. У Тошкентнинг шимолий қисмига туташади.

саидазим шарипов, янги тошкент

Манба: Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси.

Иккинчи босқичда бизнес мавзесини қурамиз. У Тошкентнинг марказий қисмига уланади. Бунинг учун Тошкент ва Янги Тошкентни мавжуд метро линиялари билан боғлаймиз.

Учинчи босқичда Янги Тошкентнинг жанубида замонавий саноат, қишлоқ хўжалиги ва IT соҳаларига мўлжалланган инновацион туман барпо этилади.

— Марҳамат қилиб, шаҳар энергетика тизими ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Юқорида объектларни марказлаштирилган иситиш ва совутиш ҳақида гапириб ўтдингиз. Сув қаердан олинади ва электр қандай ишлаб чиқарилади?

— Пойтахтни озиқлантирадиган Қодирия деган сув тозалаш иншооти мавжуд. Дастлабки босқичда Янги Тошкент фильтрлаш станциялари қувватини оширган ҳолда унга уланади. Шунингдек, ичимлик сувини Угом дарёсидан етказиб беришни режалаштирганмиз.

Электр таъминоти учун 100 фоиз қайта тикланадиган энергия манбаларига таянишни режалаштиряпмиз. ГЭСлар қувватини оширган ҳолда улардан тахминан 1200 МВт энергия оламиз. Янги Тошкент шимолий чегарасидан ташқарида қуриладиган қуёш электр станцияларида яна 400 МВт энергия ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз.

саидазим шарипов, янги тошкент

Иллюстратив сурат: TrinaTracker.

Тригенерация қозонлари қўшимча маҳсулот сифатида яна 400 МВт электр энергияси ишлаб чиқаради. Ушбу қозонларнинг асосий вазифаси — иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришдан иборат. У иссиқ сув ва иситиш учун, ёзда эса совутиш учун ишлатилади. Қишда улар иссиқлик ишлаб чиқаради ва уни мавзеларга етказиб беради. Ёзда мавзелардаги махсус жиҳозлар иссиқлик энергиясини совуқликка айлантиради.

Лойиҳамиз газлаштиришни назарда тутмайди. Ҳамма нарса электр энергияси билан ишлайди.

— Тригенерация қозонлари нимада ишлайди?

— Ҳар хил турдаги биоёқилғи билан. Шулардан бири — прессланган пахта чиқиндилари.

— Улар ёқиладими?

— Ҳа.

— Янги Тошкент фалсафаси экологик тоза шаҳарни назарда тутишини айтиб ўтдингиз. Билишимча, собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида кенг тарқалган марказлаштирилган иситиш бошқа жойда камдан-кам қўлланилади ва аслини олганда катта иссиқлик йўқотишлари туфайли самарасиз ҳисобланади, шунингдек, ёқилғи — газ, кўмир, мазут ёқилгани ҳисобига экологик жиҳатдан тоза эмас. Сиз тилга олган яшил шаҳар фалсафаси бундай яшил бўлмаган энергия тизимига мос келадими?

— Иссиқлик йўқотилиши асосан қувурларнинг эскирган иссиқлик изоляцияси туфайли юзага келади. Ҳисоб-китобларга таянилса, марказлаштирилган иситиш ҳар доим алоҳида ташкил этилган иситиш мосламаларига қараганда тежамкор бўлади.

Экологик тоза ресурслар — қайта тикланадиган манбалардир. Айтайлик, кўмир ва табиий газ қазиб олинади, лекин қайта тикланмайди. Биоёқилғи эса қайта тикланадиган манба. Бу бошқа маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ён маҳсулоти: пахта етиштирилади ва бу чиқиндилар пахтанинг қўшимча маҳсулоти сифатида қолиб кетади.

Чиқиндиларни ёқиш ҳам экологик жиҳатдан тоза. Бу амалиёт Европада жуда кенг қўлланилади, чунки улар хорижий энергия манбаларидан мустақил бўлишни хоҳлашади. Шунинг учун, экологик тозаликка эришиш мақсадида шундай ёндашувларни ўйлаб топишади.

Уларнинг ёқилишига келсак, ёқиш жараёни экологик тоза бўлиши учун чиқинди газлар яхши фильтрланиши керак. Шунда у экологик тоза бўлади. Тўғри, CО2 ишлаб чиқарилади, лекин у фильтрлар ёрдамида тутиб қолиниши керак.

саидазим шарипов, янги тошкент

Бунга Вена яхши мисол бўла олади. Шаҳар яшаш учун дунёдаги энг қулай шаҳар ҳисобланади. Адашмасам, шаҳар ичида тўртта чиқинди ёқиш заводи бор. Улар ҳавога зарарли моддалар чиқармайди, чунки фильтрация бор. Бу заводлар яқинида фақат ёқилаётган материал — чиқинди ҳидигина тарқалади. Ёқилганидан кейин газ кўзга ташланмайди. Кўпинча буғланган сув чиқади.

Бу жуда юқори технологик жараён. Аслини олганда, мана шу нарса экологик тозалик дейилади. Ресурсига келсак, қайта тикланмас бўлишига қарамай, энг экологик тоза ёқилғи — ядро ёқилғисидир. Ядро ёқилғиси ҳақида гап кетса, ҳамма қўрқиб кетади. Тўғри, бу радиация, бу ядро, лекин атмосферага ҳеч қандай чиқинди чиқмайди. Яъни, энергия ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичида жараённи атмосфера учун зарарли қилаётган муаммоларни топиш керак. Улар учун ҳар доим ечим топилади. Европа ҳаво ифлосланишининг олдини олиш учун ушбу замонавий технологияларни муваффақиятли амалга оширяпти.

— Ичимлик суви масаласида ҳам айнан шу жиҳат қизиқ. Угом дарёси сувидан ичимлик суви сифатида фойдаланиш имкониятини кўриб чиқилаётганини айтдингиз. Икки миллионлик шаҳар учун тоғ сувидан фойдаланиш бутун минтақага қандай таъсир қилиши ҳақида гидрогеолог ва экологлар билан маслаҳатлашилганми? Билишимча, бу сув дарёларни тўйдиради ва қишлоқ хўжалигида ишлатилади. Бундан ташқари, Угом Чирчиқ дарёсининг катта ўнг ирмоғи бўлиб, ундан бутун Тошкент сув ичади.

— Тўғри, сув келгусида танқис бўладиган ресурс. Мавжуд экотизимга зарар етказмаслик учун буларнинг барчасини қайта-қайта пухта ўйлаб кўриш керак. Чунки бу турли хил манипуляцияларга берилмаслик керак бўлган асосий элемент.

Табиийки, ичимлик сувини тоғлардан олиш жуда нозик масала, чунки Янги Тошкентдан биз сув олишни режалаштирган тоғли ҳудудларгача тахминан 60 км. Бу жараён ушбу 60 км атрофидаги бутун ҳудуднинг барча табиий жараёнлари ва ҳаётий фаолиятига таъсир қилади.

саидазим шарипов, янги тошкент

Шунинг учун, биринчи босқичда, бу вариантнинг барча ижобий ва салбий томонларини тарозига солиб кўрмагунимизча, мавжуд фильтрлаш иншоотларига уланиб турамиз. Биз ҳам бу масалага етарлича эҳтиёткорлик билан ёндашамиз. Маҳаллий шароитда соҳани яхши биладиган мутахассислар, хориж тажрибасини ўрганиш ва амалга тадбиқ этиш учун хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда масалани ўрганиш кўп вақт талаб этади.

— Кўргазманинг панел йиғилишида давлат ижтимоий инфратузилма: болалар боғчалари, мактаблар, шифохоналар, поликлиникалар, боғлар, давлат университетларини қуриш мажбуриятини ўз зиммасига олаётганини айтиб ўтдингиз. Ижтимоий инфратузилманинг сиғими турар-жой қурилишининг квадрат метрлари сонига мос келиши кераклиги нуқтаи назаридан қурувчи компанияларга талаблар қўйиладими?

— Бу айнан қурувчи компаниялар талаблар рўйхатидан чиқариб ташлашни истайдиган талаблар. Чунки бу қурилиш ҳажми, турар-жой ва тижорат квадрат метрлари билан боғлиқ. Бизнинг бош режамизда буларнинг барчаси мувозанатлаштирилган.

Бутун дунё бўйлаб ўртача оптимал аҳоли зичлиги ҳар гектарга 100 кишини ташкил қилади. Бу кўрсаткич ошса, инфратузилма, транспорт ва йўлларга юклама анча катта бўлади. Зичлик меъёридан паст бўлган тақдирда эса шаҳар самарали ишламайди. Ушбу рақамларга асосланиб, биз бутун шаҳарни режалаштирамиз.

Албатта, аҳоли зичлиги 100 дан кам бўлган ҳудудлар ҳам, ҳар гектарга 100 кишидан кўп бўлган ҳудудлар ҳам бўлади. Бироқ, бизнинг ижтимоий инфратузилмамиз алоҳида ҳудудлардаги аҳоли зичлигига қараб ҳисобланади. Мактаблар ва болалар боғчалари сони ва улардаги ўринлар сони улар жойлашган ҳудудларга боғлиқ. Мактаблар, болалар боғчалари ва поликлиникалар кўпроқ бўлган ҳудудлар ҳам бўлади. Аҳоли зичлиги паст бўлган тақдирда эса мактаблар камроқ бўлади. Шу билан бирга, мактаблар ва болалар боғчалари мос равишда 500 ва 300 метр пиёда масофада жойлашган бўлади.