Сирдарё вилояти Автомобиль йўллари бошқармаси тизим ташкилотлари амалга оширган бошланғич қиймати 37 млрд сўмдан ортиқ бўлган давлат харидларида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар қилди.

Хусусан, Рақобат қўмитасининг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан вилоят Автомобиль йўллари бошқармаси тизим ташкилотларида «Рақобат тўғрисида»ги ва «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунлари ҳамда соҳага оид бошқа меъёрий ҳужжатлар ижроси юзасидан 2024 йилнинг март-июль ойларида ўрганиш ишлари ўтказилди.

Ўрганишлар натижасида бошқарманинг тизим ташкилотлари: Боёвут, Оқолтин, Сайхунобод, Сирдарё, Ховос ва Гулистон туманларида жойлашган унитар корхоналари томонидан ўтказилган бошланғич қиймати 37 млрд сўмдан ортиқ бўлган 67 та харидларда «Рақобат тўғрисида»ги ҳамда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунлар талаблари бузилганлиги ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, ушбу ўтказилган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунда белгиланган дастлабки малака танлови, харид қилиш тартиб-таомили, танлашни ўтказиш талаблари бузилишига йўл қўйилган. Шунингдек, «Рақобат тўғрисида»ги қонунда белгиланган савдоларда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар содир этилган.

Қўмитанинг таъкидлашича, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан Сирдарё вилояти Автомобиль йўллари бошқармаси тизим ташкилотларига нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.