Москванинг Домодедово аэропортидан Самарқанд шаҳрига учган йўловчи самолётда портловчи модда борлигини айтди. Бу ҳақда ИИВ «Газета.uz»га хабар қилди.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг 15 июль куни соат 03:15 да ИИОларига Домодедово-Самарқанд йўналишидаги авиарейс билан учиб келган, 1978 йилда туғилган фуқаро М.А. маст ҳолатда ушбу бортда хизмат олиб бораётган стюардессаларга «самолётда портловчи модда бор» деб айтгани ҳақида хабар келиб тушган.

Самарқанд вилояти ИИБ Портловчи моддаларни зарарсизлантириш гуруҳи ходимлари томонидан олиб борилган текширувлар натижасида бортда ҳеч қандай портловчи, ёнувчи ёки шубҳали буюмлар мавжудлиги аниқланмаган.

Фуқаро ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги сабабли, тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига юборилган.