Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркор Тошкент шаҳридаги давлат идоралари вакиллари билан очиқ мулоқот чоғида юридик шахслар учун янги электр энергияси стандартини бекор қилишни сўради.

«Шерзод ака, (Солиқ қўмитаси бошлиғи Кудбиев), катта раҳмат сизга. Қўмита сўнгги 2−3 йил давомида бевосита тадбиркорлар билан иш олиб борганидан сўнг солиқ тизими тартибга тушди-ку. Лекин мен бу ерда бошқа қўмиталар ва вазирликларни кутгандим. Қани улар? Энергетика вазирлиги қани? Рақобатни ривожлантириш қўмитаси қани? Бизни энг қийнаётган муаммо ўша ерда-ку», — дейди Perfect Invest Business асосчиси Улуғбек Султонов.

Унга кўра, электр энергияси ва газдан фойдаланишнинг янги қоидаларида (Вазирлар Маҳкамасининг 31 майдаги қарори билан тасдиқланган) юридик шахслар электр энергиясидан белгиланган лимитнинг 10 фоизидан ортиқ миқдорда электр энергияси истеъмол қилганда шартномада икки баравар тариф тўлаши белгилаб қўйилган.

Тадбиркор бу қоидани бекор қилишни сўради.

«Ҳатто хорижий экспертлар ҳам буни баҳолаб, бу тартиб ишлаб чиқарувчиларни жазолашдир, деб айтишди. Биз президентга қоидаларнинг 85 ва 150-бандларини айтайлик, уларни бекор қилишсин. Энергетика вазирлиги тизимдаги айбини тадбиркорлар билан, 2−3 баравар тўловлар орқали ёпмоқчи. Солиқ қўмитасига ўхшаб ўз тизимини ислоҳ қилсин», — деди Улуғбек Султонов.

Унинг айтишича, юридик шахслар икки ой давомида олдиндан тўлов қилинса, эски тарифлар бўйича тўлаши мумкин, аммо бу август ойидан бошлаб тадбиркорга юклама бўлади.

бизнес, лимит, электр энергияси

Тадбиркорни Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов (суратда ўртада) қўллаб-қувватлади.

Нормативларнинг 150-бандига кўра, реактив қувват истеъмолчилари томонидан етарли миқдорда компенсация қилинмагани сабабли тармоқларда фаол энергиянинг қўшимча йўқотишлари учун қайта ҳисоб-китоблар жорий тарифнинг уч баравари миқдорини ташкил этади. Тадбиркор бу нормани ҳам бекор қилишни сўради.

Журналист Шуҳрат Шокиржоновнинг хабар беришича, тадбиркорлар электр энергияси лимити ошиб кетганда икки баравар тўлай бошлаган.

«[Юридик шахсларга] 1 кВт/соат учун 900 сўм қилинганди. Лимитни абонент ўзига ўзи белгилаган ва предоплата қилган. Айтайлик, ойига 5000 кВт/соат. Лимитдан ошса, 960 сўмдан тўлашган. Энди лимитдан ошса, 1 кВт/соатни 1800 сўм қилишибди», — деб ёзди у. Унинг сўзларига кўра, шу сабабдан кўплаб тадбиркорлар лимит белгиламай тўлаб юрган.

«1 июндан бошлаб ўзига лимит белгиламаганлардан 100 кВт/соатдан уёғини 1800 сўмдан ечяпти ва пул тугаб ўчириляпти экан», — дейди у.

«Жуда қиммат хато»

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов июнь ойи бошида Энергетика вазирлигининг бу қарорини «жуда қиммат хато» деб атаганди. Унинг таъкидлашича, жисмоний шахслар учун ҳам энергия жуда катта субсидиялашган нархда, ишлаб чиқариш харажатларидан бир неча баробар арзон нархда берилади.

«Бунинг сабаби: молиявий қийналганроқ қатламдаги инсонларга давлат томонидан сал ёрдам бўлиши учун. „Ижтимоий норма“ деб аталган лимитдан кўпроқ истеъмол қилсалар нарх ошар эди, ўша ошган нарх ҳам харажатларни мутлақ қопламаса-да, қандайдир маънода субсидияни даромади кўпроқларга камроқ беришда эди. Бу ерда фараз шуки, кўпроқ энергия истеъмол қиладиганлар одатда бойроқ ва уларга „ижтимоий нархларда“ бир неча баробар арзонга бошқа солиқ тўловчилар ҳисобидан электр билан таъминлаш хато эди», — дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, худди шу схемани юридик шахсларга нисбатан қўллаш «мутлақо хато».

«Чунки, биринчидан, шундоқ ҳам юридик шахслар тўлайдиган нарх харажатлардан юқорироқ. Яъни мантиқан юридик шахслар ишлатган ҳар бир киловатт энергиядан, энергетик компаниялар фойда олишади. Жисмоний шахсларда тескариси, ҳар бир уйда ёқилган киловатт соат свет учун давлат — яъни солиқ тўловчилар орасидаги фарқни компенсация қилишади. Юридик корхоналарда эса тескариси — қанча кўп ёқишса — шунча фойда», — деб ёзди у.

Лекин бу қарорнинг асли энг ёмон тарафи иқтисодий шикастида, дейди иқтисодчи. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги энг катта муаммолардан бири «ўртача фирманинг кичиклиги»дир. Яъни бизда, бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, корхоналарни нуфузи ортиши жуда қийин масала, дея тушунтирди у.