18 июль куни Ўзбекистонга ташриф буюрган Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан кенг ва тор доирадаги музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон томони давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Тор доирадаги учрашувда икки мамлакат ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсат ва тармоқ идоралари даражасидаги мулоқотлар натижадорлигини ошириш, халқаро ва минтақавий майдонлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари, «Марказий Осиё плюс» форматлари доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Икки томон товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 2 млрд долларга етказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишни долзарб дея ҳисоблади.

Бу галги ташриф доирасида қайта тикланувчи энергия манбалари, автомобилсозлик ва тўқимачилик соҳаларида кооперация лойиҳалари ишга туширилади. Давлат раҳбарлари стратегик аҳамиятга эга «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темирйўли ва Қамбарота ГЭС-1 қурилишини тез фурсатда амалга ошириш масалаларига устувор эътибор қаратди.

Транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа таклифлари кўриб чиқилди. Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни, жумладан, Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши доирасида янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашувдан сўнг томонлар музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирди. Музокаралар давомида давлатлараро кенгаш тузишга қарор қилинди. Ўзаро савдо ҳажмини оширишга қаратилган дастур қабул қилинди.

Бундан ташқари, икки томон келишувига кўра, яқин йилларда 2 млрд доллар кўрсаткичига чиқиш учун пойтахтларда савдо уйлари ташкил этилади, экспорт-импорт шартномалари тўплами шакллантирилади, экспортолди молиялаштириш воситалари жорий этилади, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини тезкор ташиш бўйича «яшил йўлак» ишга туширилади.

музокаралар, президент, садир жапаров, ўзбекистон-қирғизистон, шавкат мирзиёев

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш этиб белгиланди. Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича битимни тез фурсатда имзолаш ва лойиҳанинг амалий босқичини бошлаш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, икки мамлакат салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда кичик гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича комплекс ҳамкорлик дастури тайёрланади. «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўлини қуриш бўйича стратегик лойиҳа тўғрисидаги уч томонлама битим имзоланди. Кенг доирадаги учрашувда истиқболли транспорт лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолади, хусусан, иқтисодий ўсиш суръатлари, саноат ишлаб чиқариш фаровонлиги, янги инфратузилма лойиҳалари барпо этилаётганини алоҳида таъкидлади, дея унинг сўзларини келтирди Қирғизистон президенти матбуот хизмати.

«Ўзбек халқи қардош қирғиз халқининг муваффақиятларидан чин дилдан қувонади. Ўзбекистон қирғиз халқини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этади, чунки бизга кучли ва фаровон қўшни — Қирғизистон керак», — деди Мирзиёев.

Давлат чегаралари масалалари ҳал этилиб, иқтисодиёт, энергетика, транспорт, гуманитар ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар фаол илгари сурилаётгани, парламентлараро ва ҳудудлараро ҳамкорлик жадал ривожланаётгани қайд этилди. «Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш Қирғизистон ташқи сиёсатининг, шубҳасиз, устувор йўналишидир», — деди Садир Жапаров.

Учрашувда истиқболли транспорт лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

Икки мамлакат ҳудудлари савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳақиқий драйверлари экани таъкидланди. Шу маънода, бош вазирлар раислигидаги Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши доирасида фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди. Ҳудудлар делегацияларининг ўзаро ташрифлари жадвалини тайёрлаб, қўшма «йўл хариталари»ни янгиламоқчи.

Қишлоқ хўжалиги ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишидир, дея таъкидланди йиғилишда. Қишлоқ хўжалиги экинларини биргаликда етиштириш, интенсив боғлар ва агрокластерлар ташкил этишни назарда тутувчи агрокооперация дастурини амалга оширишга келишиб олинди. Қолаверса, маданият, ёшлар, туризм, таълим, фан ва спорт соҳаларида фаол алмашинувлар давом эттирилади.

музокаралар, президент, садир жапаров, ўзбекистон-қирғизистон, шавкат мирзиёев

Йиғилишда бош вазирлар ўринбосарларининг ҳисоботлари ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик юзасидан аниқ таклифлари тингланди. Музокаралар якунида давлат раҳбарлари қўшма «йўл харитаси»ни тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

музокаралар, президент, садир жапаров, ўзбекистон-қирғизистон, шавкат мирзиёев