19 июль куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида «Бахти Ташкентский» номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, унинг ўғиллари, акаси — жами 37 кишига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда жараёнда қатнашган «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Бахтиёр Қудратуллаев Жиноят кодексининг қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва унга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

10 июль кунги суд мажлисида прокурор 44 та эпизод бўйича айбланаётган «Бахти Ташкентский»га 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш, шунингдек, Жиноят кодексининг 34-моддаси (Рецидив жиноят) 3-қисми «а» банди билан ўта хавфли рецидивист деб топишни ҳамда унинг ўғилларига нисбатан 11 ва 12 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраганди.

Иш тарихи

Бахтиёр Қудратуллаев Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судининг 2023 йил 29 ноябрь кунги қарорига асосан ҳибсга олинганди.

Ўшанда у «жамоат жойида бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг тинчини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиб, ИИО ходимларининг ИИБ биносига бориб, шахсига аниқлик киритиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармагани» қайд этилган.

2024 йил 3 июнда «Бахти Ташкентский», унинг ўғли, акаси — жами 37 кишига нисбатан очиқ суд бошланган. Судланувчилар товламачилик, жиноий уюшма ташкил этиш, фирибгарлик, қасддан баданга шикаст етказиш, безорилик ва ЖКнинг бошқа моддалари бўйича айбланган. Судда Бахтиёр Қудратуллаев ўзига қўйилган айбловларга иқрор эмаслигини билдирган.

5 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида Қудратуллаев давлат ташкилоти вакиллари унга алоқага чиқиб, мамлакатда ёшлар, спортчилар орасида пичоқбозлик кўпайиб кетаётгани учун «кўча»ни тартибга солишни сўраганини айтган.

Судья «Сиз давлат ташкилотида расмий ишлаганмисиз?» деб сўраган. Судланувчи эса ёшлигидан бошлаб, умрининг асосий қисми қамоқда ўтганини таъкидлаган.

«Ёшлигингиздан ўтирган бўлсангиз, давлат сизга қандай топшириқ бериши мумкин?» — деган судья. «Буни улардан сўраш керак», — дея жавоб қайтарган «Бахти Ташкентский».

Судья «Тартибга солишга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кучи етса керак, тўғрими?» — дея савол берган. Бахтиёр Қудратуллаев «тўғри», деган. «Унда нима учун давлат сизга топшириқ берган?» дея такрорий савол берган судья.

Бахтиёр Қудратуллаев бунга жавобан ўша йиллари Ўзбекистонда ёшлар ва спортчилар орасида пичоқбозлик кўпайганини, давлат ташкилоти улар билан ҳамкорлик қилгач, бу жиноятчилик 60 фоизга камайгани ҳақида маълумотлар айтилганини билдирган. У билан алоқага чиққан давлат ташкилоти масъуллари шундай маълумот беришганини қўшимча қилган. Бироқ уларнинг айнан ким эканлигига аниқлик киритмаган, судья ҳам бу ҳақда ундан сўрамаган.

15 июль кунги суд мажлисида томонлар музокарасида адвокатлар ва судланувчилар тингланган. «Биз террорист, коррупционер бўлмаганмиз, одамхўр эмасмиз. Иложи бўлса, шу ерда ўтирган болаларга енгиллик берсангиз», — деганди Бахтиёр Қудратуллаев.