17 июль куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган «Ғалабанинг 40 йиллиги» бекати қулаб тушди, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ушбу бекат туман ҳокимлиги томонидан 15 июль куни қурилган. Ҳодисага унинг устунлари яхши мустаҳкамланмагани сабаб бўлган.

«Юқоридаги ҳолат оқибатида ҳеч бир фуқаро ва йўловчига зарар етмаган бўлиб, ҳозирда масъул ходимлар томонидан бекатни қайта қуриш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

2- ва 5-автобус саройи тасарруфида бўлган мазкур бекатда 11 дан ортиқ автобус йўналиши ҳаракатланади. Фуқаролардан хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда махсус автобус йўлакларида жамоат транспортини кутишлари сўралди.