Шавкат Мирзиёев 17 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда давлат бюджетига солиқ ва бошқа тушумларни таъминлаш масаласини муҳокама қилди.

Давлат раҳбари солиқлар бўйича «режа»ни бажариш учун тадбиркорлар ортиқча тўловларга мажбурланса, ҳокимлар ва солиқ ходимларини жазолашини айтди. Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш ва даромадни фақат тадбиркорларга ёрдам бериш орқали ошириш мумкин.

Бош прокуратурага бу каби ҳолатларни назоратга олиш топширилди.

Йил бошидан 67 та туманда тушум 1,5 карра ошган. Масалан, Бахмал, Жалақудуқ, Фориш, Қўрғонтепа ва Гулистон туманларида ўсиш 2 баравар бўлган. Лекин Нукус, Оқдарё, Қизириқ, Мингбулоқ, Мирзо Улуғбек, Қибрай, Тойлоқ туманлари, Наманган ва Зарафшон шаҳарларида ўсиш суръатлари қолган ҳудудлардан анча орқада экани, Шуманайда эса умуман ўсиш бўлмагани кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга солиқ тушумларида ўсиш паст бўлган ушбу ҳудудларга бориб, ажратилган кредит, субсидия, давлатдан берилган ресурслар самарасини таҳлил қилиш топширилди. Таҳлил якунларига кўра ушбу ҳудудлар ҳокимининг биринчи ўринбосари ва солиқ раҳбарлари фаолиятига баҳо берилади.

имтиёзлар, субсидиялар, шавкат мирзиёев

2023 йилда тадбиркорларга 90 триллион сўм божхона ва солиқ имтиёзи, субсидия ва компенсация тақдим этилган. Мутасаддиларга йил якунигача 10 триллион сўмлик асоссиз харажатларни мақбуллаштириш чораларини кўриш топширилди.

Эндиликда имтиёз ва субсидиялар мақсадли кўрсаткич билан бир йилга берилиши, натижасига қараб муддати чўзиб берилиши ёки умуман бекор қилиниши белгиланди.

Май ойи охирида субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни мақбуллаштириш ҳамда уларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси тузилганди. У иқтисодиётга ва соғлом рақобат муҳитига таъсирини таҳлил қилиш асосида барча мавжуд имтиёзларни «тубдан қайта кўриб чиқиш» бўйича таклифлар тайёрлаши керак.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига барқарорлик рейтингига қараб имтиёзлар бериш тартиби белгиланган. B ва ундан юқори рейтингга эга бўлган тадбиркорлар қўллаб-қувватлаш чораларига умид қилиши мумкин.

Ўзбекистонда икки йил ичида давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар миқдори беш бараварга — 5,63 триллион сўмдан 29,25 триллион сўмга (2,5 миллиард доллар) ошган. 18 триллион сўм газни сотиб олиш ва сотиш ўртасидаги фарқни қоплашга, 1,72 триллион сўми иссиқлик энергиясига етказилган зарарни қоплашга, 1,02 триллион сўми геология-қидирув ишларига йўналтирилган.