Тошкент вилоятининг Бекобод туманида наслли чорва молларини кўпайтириш билан шуғулланувчи ферма мансабдорлари кредит маблағларини талон-торож қилганликда гумонланиб, терговга жалб қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари тумандаги банкни чорвачилик йўналишида ажратилган кредитларнинг сарфи юзасидан текширувдан ўтказганида маълум бўлди.

Тадбиркор сут ва сут маҳсулотлари етиштириш ҳамда наслли чорва молларини кўпайтириш билан шуғулланган. У Австриядан 65 бош наслли, йирик шохли чорва моллари олиб келиш мақсадида 2020 йилда банкдан 7 йил муддатга 1 млрд 680 млн сўм кредит олган. Пулнинг 3 фоизини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қоплаб берган. У, шунингдек, хориждан келтирилган чорва моллари учун 116 млн сўмлик субсидия ҳам олган.

Аммо ферма банкка тақдим қилинган бизнес режада кўрсатилган сут маҳсулотлари етиштириш ва наслли молларни кўпайтириш, уларни 2 авлод олгунгача сақлаш билан боғлиқ ишларни амалга оширмаган. Бунинг ўрнига 44 бош наслли, йирик шохли чорва молларини нақд пулга сотиб юборган. Бунинг натижасида 1 млрд 82 млн сўмлик кредит маблағлари талон-торож қилинган.

Ажратилган кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан банк томонидан керакли даражада мониторинг ишлари олиб борилмаган, дейилади хабарда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан ферма мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ҳамда 192−11-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди билан, банк мансабдорларига нисбатан эса 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.