Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Ипотекабанк» рекламасида қонун бузилишини аниқлади.

Қайд этилишича, қўмита ўз ваколатлари доирасида жойлаштирилаётган реклама ахборотларининг қонун ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борган. Натижада «Ипотекабанк» АТИБ Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Super номли омонат турининг йиллик фоиз ставкасини 26 фоиз деб кўрсатганини аниқлаган.

Аммо ушбу омонат турида нақд пулда ҳисобланган депозитнинг фоиз ставкаси дастлабки 3 ой учун 26 фоиздан, ундан кейинги 3 ой учун 14 фоиздан ҳисобланиши, онлайн депозит эса мос равишда — 26,09 ва 14 фоиздан экани маълум бўлди, дейилади хабарда.

Яъни фақат дастлабки 3 ойда 26 фоиздан пул маблағлари берилган, ижтимоий тармоқдаги реклама ахборотида эса омонатнинг шу каби «муҳим шартлари» очиб берилмаган.

«Рекламанинг бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолатни ифодалаши мумкин», — деб ёзди Рақобат қўмитаси.

Ҳолат юзасидан «Рақобат тўғрисида«ги ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида«ги қонун талаблари бузилиши аломатлари билан «Ипотекабанк»ка нисбатан иш очилган.

Махсус комиссия банк номақбул (нотўғри) рекламага йўл қўйган, деб топди ва жарима қўллашга қарор қилди. Бундан ташқари, келгусида бу каби ҳаракатларни такрорламаслик бўйича кўрсатма берилди.