Вазирлар Маҳкамасининг 17 июлдаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига доир қарори билан ЙПХ ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан муносабатларини ва махсус воситалардан фойдаланишини тартибга солиш тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар тасдиқланди.

Низомнинг 31-бандида кўчма фоторадар ва мобиль комплекслардан фойдаланганда, ЙПХ ходими мосламанинг кўрсаткичлари билан ҳаракат тезлигини ошириб, қоидаларни бузган ҳайдовчини таништириши, унинг талаби билан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатиши лозимлиги белгиланган эди.

Kun.uz 2023 йил июль ойида ёзганидек, амалда бу одатда Nexia 3 автомашиналарига ўрнатилган мобил фоторадар ёки радар қурилмаси томонидан қоидабузарлик қайд этилганда (гап Vector SR комплекслари, Multaradar CD/CT/Moving радарлари ҳақида кетмоқда), инспектор ундан фойдаланиб, тезлик чегарасидан ошиб кетган ҳайдовчини тўхтатиши ва унга қурилмадаги тезлик кўрсаткичини кўрсатиши керак.

Бироқ уларнинг кўрсаткичлари стационар радарлардаги каби бевосита ҳисобга олинган ва ҳайдовчилар жаримага тортилган.

Ўшанда интернетда адвокатлар ҳайдовчиларга жарима тўламасликни ва тезлик чегараси бузилиши кўчма радарлар томонидан қайд этилса, судга мурожаат қилишни маслаҳат берган видеолар тарқатилганди.

Бундай ишлардан бири судда кўриб чиқилган: биринчи ва апелляция инстанциялари ЙҲХХ фойдасига ҳал қилган, бироқ Олий суднинг кассация инстанцияси 2022 йил 14 октябрда аввални қарорни бекор қилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликни тугатган.

Низомнинг янги таҳририда 31-банд матни ўзгартирилди. Эндиликда мобил фоторадарлар ва мобил тизимлардан фойдаланишда низомнинг 37-бандида назарда тутилган тартиб қўлланади. Унда айтилишича, МЖТКнинг 309−1-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилмасдан, ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг иштирокисиз жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилади. Бунда ҳуқуқбузарликни такрорийлиги инобатга олинмайди.

Шу тариқа эндиликда ЙПХ ходими қоидани бузган ва/ёки тезликни ошириб юборган ҳайдовчини қурилма кўрсаткичлари билан таништириши ёки унинг илтимосига биноан қурилманинг мувофиқлик сертификати ёки унинг нусхасини кўрсатиши шарт эмас.

«Мана бўлди, мобил радарлар томонидан қайд этилган тезлик чегараси бузилишини четлаб ўтиш имконини берувчи „ойна“ ёпилди», — деб ёзди Kurbanoff.net Telegram канали муаллифи Шуҳрат Қурбонов.