Наманган вилоятидаги 10 та туман ҳокимликлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қонун талабларига зид ҳолатлар аниқланди, деб хабар бермоқда Рақобат қўмитаси.

Қўмитанинг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йилнинг биринчи ярми мобайнида 10 та туман ҳокимликларида «Рақобат тўғрисида»ги қонун талаблари ижроси юзасидан жами 4214 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа турдаги ҳужжатлар юзасидан ўрганишлар олиб борилган.

Мазкур ўрганишлар жараёнида Мингбулоқ, Косонсой, Поп, Норин, Наманган, Тўрақўрғон, Уйчи, Чуст, Чортоқ ва Янгиқўрғон тумани ҳокимликларида товар ёки молия бозорида рақобатни чеклашга ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келувчи жами 12 та қарор қабул қилингани маълум бўлган. Бунинг оқибатида «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддаси (Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахсларнинг бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган ҳужжатлар қабул қилинишини ҳамда ҳаракатлар амалга оширилишини (ҳаракатсизликни) тақиқлаш) талаблари бузилган.

Ушбу қарорлар қонун талабларига мувофиқлаштирилди ҳамда туман ҳокимликларига қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик юзасидан тақдимномалар киритилди, дейилади қўмита хабарида.

Аввалроқ Рақобат қўмитасининг Жиззах вилояти бошқармаси ўтказган текширувда 10 та туман ҳокимлиги ва 9 та ташкилотнинг 124 та ҳужжатида қонун талаблари бузилгани аниқланганди. Ушбу ҳолатлар юзасидан ҳокимликларга тегишли тақдимнома ва кўрсатмалар юборилиб, имзоланган қарорлар бекор қилинган.