Тошкент шаҳри кўчаларида 1 июнгача қонунийлаштирилмаган реклама объектлари (конструкциялари) демонтаж қилинади. Бу пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 16 июлдаги ташқи реклама ва ахборот объектларини тартибга солиш тўғрисидаги қарорида назарда тутилган.

Spot нашрининг ёзишича, эгалари янги шаклдаги реклама жойи паспорти учун ариза топширмаган объектларнинг аввалги ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб топилади. Вазирлар Маҳкамаси паспортларни 1 апрелга қадар алмаштиришни белгилаган, аммо кейинроқ муддат 1 июнгача узайтирилган.

Демонтаж ишлари ҳокимлик ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти томонидан амалга оширилади ва у жараённи бевосита амалга ошириш учун танлов асосида пудратчи компания танлайди.

Объектлар электр таъминотидан узилади ва Миллий гвардия ходимлари иш пайтида жамоат хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради, дейилади ҳокимлик хабарида.

Демонтаж қилинган конструкциялар 30 кун давомида сақланади. Агар улар ушбу муддатда мулкдорлар томонидан олиб кетилмаса, улар белгиланган тартибда утилизация қилинади ва сотилади. Маблағлар шаҳар бюджетига йўналтирилади.

Ноқонуний объектларни бузиш ишлари йил охиригача якунланиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, ташқи реклама бозори иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш ҳамда соҳада шаффофликни таъминлашга қаратилган «Ташқи реклама» рақамли мониторинг электрон тизимининг очиқ версияси ишга туширилади. Унда, шунингдек, реклама ва ахборот объекти ҳамда унинг мулкдори қидирилаётгани ҳақидаги эълон ҳам жойлаб борилади.

Ўтган йилнинг август ойида Рақамли ривожланиш департаменти Тошкент шаҳридаги ташқи рекламани ўз назоратига олишини маълум қилган эди. Ўшанда пойтахтдаги 11 мингта реклама объекти эгалари тўловларни умуман тўламаган. «Газета.uz» муаммо нимада, реклама дизайн-коди қандай бўлиши ва Тошкентни қай тариқа кўзни қувонтирувчи шаҳарга айлантириш мумкинлигини ўрганиб чиққанди.