Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини қўшиб юбориш орқали уларнинг негизида Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ташкил этилди. Бу ҳақдаги фармон 18 июль куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

Университет Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимида фаолият юритувчи давлат университети бўлади. У ҳудуднинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида мутахассислар тайёрлайди.

Олийгоҳда Илғор муҳандислик мактаби фаолият юритади, унда таълим олиш учун академик кўрсаткичлари юқори бўлган талабалар танлов асосида сараланади ва амалиётга йўналтирилган махсус таълим дастурлари асосида ўқитилади. Мактабда саноат ҳамкорлари томонидан тақдим этилган муаммолар портфели асосида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш йўлга қўйилади. Лойиҳалар саноат ҳамкорлари ва Инновацион ривожланиш агентлиги маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

ОТМга халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг амалдаги рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотининг дастури асосида ўз таълим дастурларини шакллантириш ҳуқуқи берилади.

Илгари фаолият юритган иккита университетда таҳсил олаётган барча талабалар янги университетда ўқишини давом эттиради.