Турли мамлакатлардаги авиаташувчилар, телевидение ва радиоэшиттиришлар, банклар ва супермаркетлар Windows қурилмаларининг оммавий носозлиги туфайли операцион муаммолар ҳақида хабар беришмоқда, дея ёзди BBC News ва The Guardian.

Носозлик Австралия, Япония, Ҳиндистон, Буюк Британия, Янги Зеландия ва бошқа бир қанча мамлакатларда кузатилмоқда. Фойдаланувчилар «ўлимнинг мовий экрани«га (BSOD — Blue Screen of Death) дуч келмоқда.

Техник муаммолар туфайли Британияда Sky News телеканалида узилиш бўлди. Австралияда Мельбурн ва Сидней аэропортларида йўловчилар рўйхатдан ўтиш кечикиши ҳақида огоҳлантирилди.

АҚШда йирик авиакомпаниялар, жумладан United Airlines, Delta Air Lines ва American Airlines алоқа билан боғлиқ муаммолар туфайли парвозларни тўхтатди. Bloomberg нашрининг қайд этишича, Лондон фонд биржасида ҳам узилишлар кузатилмоқда.

IT тизимларининг носозлик сабаби ҳозирча аниқланмаган, бироқ муаммо Crowdstrike дастури янгиланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб ёзди The Guardian.

Microsoft муаммолар кузатилаётганини тан олди ва вазиятни ҳал қилишга уринаётганини билдирди.