Шавкат Мирзиёев Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйенни ушбу лавозимга қайта сайлангани муносабати билан табриклади ва энг эзгу тилакларини билдирди, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Президент ўз мактубида сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан кенг қамровли муносабатларини сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтаришда, «мамлакатдаги ортга қайтмас тус олган демократик ва иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни» ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда Еврокомиссия президентининг улкан шахсий ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади.

Мирзиёев, шунингдек, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ҳамкорлик барча устувор йўналишларда янада юксак босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан муносабатларда мутлақо янги саҳифа очадиган Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битимни тез орада имзолаш тарафдори.

«Яқин келажакда Самарқанд шаҳрида биринчи „Марказий Осиё — Европа Иттифоқи“ саммити ўтказилиши минтақавий алоқаларимизни манфаатли лойиҳалар ва дастурлар билан бойитиш йўлида муҳим амалий қадам бўлишига аминман», — дейилади президент мактубида.

Аввалроқ ЕИ мамлакатлари лидерлари иттифоқ раҳбарлигига номзодларни маъқуллаганди. Унга кўра, Урсула фон дер Ляйенни Еврокомиссия президенти лавозимида сақлаб қолиш таклиф этилган. Португалия собиқ бош вазири Антониу Кошта Европа кенгаши раҳбари этиб сайланган. Эстония бош ваири Каи Каллас ЕИ дипломатияси раҳбари бўлган.

Урсула фон дер Ляйен ким?

2019 йилда 65 ёшли фон дер Ляйен Европа комиссиясини бошқарган биринчи аёл бўлди. Сиёсатчининг илк муддати иккита йирик инқирозни ўз ичига олди: COVID-19 пандемияси ва Украинадаги уруш. У пандемияга қарши курашдаги роли, Европа Иттифоқи барча фуқаролар учун вакциналарни биргаликда сотиб олгани учун мақтовга сазовор бўлди. Аммо Европа комиссияси раҳбари вакцина ишлаб чиқарувчилар билан музокараларда шаффофлик йўқлиги учун ҳам кескин танқидга учради.

Европа комиссияси президенти сифатида Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқининг сиёсий кун тартибини белгилайди, Европа кенгаши йиғилишларида, G7 ва G20 саммитларида, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар билан саммитларда ва Европа Парламентидаги мунозараларда комиссия вакили сифатида қатнашади. Бундан ташқари, Европа комиссияси иттифоқ ҳамкорлари билан савдо музокараларини олиб бормоқда.