Шавкат Мирзиёев «Сиёсий қатағон қурбони бўлган ватандошлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарор «мустақиллигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тарихимизнинг номаълум саҳифаларини тиклаш ва илмий нуқтайи назардан чуқур ўрганиш, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этиш, шу асосда юртдошларимиз, айниқса, ёш авлоднинг Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини, фуқаролик позициясини кучайтириш, уларни бугунги тинч, эркин ва озод ҳаётнинг қадрига етиш руҳида тарбиялаш мақсадида» ишлаб чиқилган.

Ҳужжатда «1937−1953 йилларда мустабид тузум томонидан 100 мингдан зиёд халқимиз вакиллари қатағон сиёсатининг қурбони бўлган, бу юртдошларимизнинг 13 минг нафари отиб ташланган, минглаб кишилар ноҳақ қулоқ қилинган, сургунларга жўнатилгани, улар орасида атоқли давлат ва сиёсат арбоблари, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, диний уламолар, ҳарбий соҳа ва суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, ишчи-деҳқонлар ва уларнинг оила аъзолари бўлган»и қайд этилган.

2021−2024 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номлари оқланган.

Қарор билан сиёсий қатағон қурбони бўлган ватандошлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси ташкил этилди.

Қатағон қурбони бўлган шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларни номма-ном аниқлаш, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейлар, кутубхоналар ва турли фондларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш ва тадқиқ этиш, оммалаштириш учун ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкил этилади.

Қатағон қурбонларининг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларига гувоҳ бўлган инсонларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий манбаларни, ноёб суратларни тўпланади.

Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, унинг ҳудудлардаги бўлимлари ҳамда Жадидлар мероси давлат музейининг мавзуга доир маълумотлар, ашёвий далил ва ҳужжатлар, бошқа тегишли экспонатлар билан мунтазам равишда бойитиб борилишини таъминланади.

Қатағон қилинганлар ҳақидаги тарихий ҳақиқатни тиклаш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида кўп жилдлик «Қатағон қурбонлари» китобини чоп этиш ҳамда уларнинг номларини Тошкент шаҳридаги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасида барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига киритиш ишларини давом эттирилади.

Чет элдаги турли фондлар, архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар ҳамда тегишли мутахассислар билан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, мавзуга оид илмий экспедициялар ташкил этилади.

Ўзбекистонда ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонланади.

«Нуроний» жамғармаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси «Шаҳидлар хотираси» жамоат фонди, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги халқнинг мустақилликка эришиш йўлидаги кўп асрлик мардона кураши, бу йўлда сиёсий қатағонга учраган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда уларнинг хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда уч авлод учрашувларини ташкил этилади. Маданият вазирлиги давлат буюртмаси асосида спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратилади, аудиовизуал маҳсулотлар тайёрлаб, уларни интернет тармоғида оммалаштирилади.

Туризм қўмитаси қатағон қурбонларининг номлари билан боғлиқ музей ва объектларни сайёҳлик йўналишларига киритади.

Қатағон қурбонлари ва жадидлик ҳаракати вакиллари бўлган шахслар туғилиб ўсган, яшаган хонадонларни аниқласин ва уларда эсдалик лавҳаларини ўрнатилади.

Маҳаллаларда ва умумтаълим мактабларида тегишли тарзда «Қатағон қурбонлари хотираси бурчаклари»ни, стендлар ва бошқа кўргазмали воситаларни ташкил этилади.

«Ўзархив» агентлиги Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда давлат архивларида сақланаётган қатағон қурбонлари ва жадидлик ҳаракати намояндаларига оид муайян архив ҳужжатларини белгиланган тартибда махфийликдан чиқариш чораларини кўради.

Қарорда икки ой муддатда мустабид тузум даврида сиёсий қатағонга учраган шахсларни реабилитация қилиш тартибини назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.