20 июль куни Қарши халқаро аэропорти яқинида жойлашган хусусий корхонада ёнғин содир бўлди, дея хабар берди Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, соат 18:00 атрофида Қарши шаҳар ФВБга Alp texno servis хусусий корхонасига қарашли ишлаб чиқариш биносида ёнғин бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Қутқарув хизмати соат 18:10 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат тахминан 20:10 ларда тўлиқ ўчирилган.

Uzbekistan Airports компаниясининг маълум қилишича, саноат ҳудудидаги ёнғин ҳаво бандаргоҳи фаолиятига таъсир қилмаган, у нормал режимда ишлаган. Аэропортдан 3 та ўт ўчириш машинаси ҳам ёрдамга борган.

Ҳодиса оқибатида бинонинг тахминан 1600 метр квадрат майдони ёниб зарар кўрган, 1500 метр квадрат майдони асраб қолинган.

Тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда, дейилади хабарда.