Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги дўконларнинг бирида сотувчи QR-кодли чек олмоқчи бўлган 12 ёшли болага тарсаки туширгани акс этган видео тарқалди.

Тасвирда ходим «қўлингни ол» деб бақиргани, кафти билан боланинг юзига ургани, сўнг чекни йиртиб олиб, унинг юзига отганини кўриш мумкин.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова матбуот хизматининг маълум қилишича, боланинг онаси Д.Ж. мурожаат қилиб, фарзанди дўкондан харид қилганда QR-чек сўрагани учун сотувчи томонидан ҳақоратланиб, бир неча бор юзига урилганини билдирган. Ходимга қонуний чора кўришни сўраган.

Сурайё Раҳмонованинг сўрови асосида ички ишлар органлари воқеани ўрганишга киришган.

Маълумот ўрнида, тадбиркорлар онлайн-назорат касса машиналари ва виртуал кассалардан фойдаланиши ҳамда мижозларга QR-код ва фискал белгили чек тақдим этишлари шарт. Бундай чеклар харид тўлов терминал орқали ёки нақд пулда амалга оширилишидан қатъи назар харидорга берилади.

2022 йилда Термизда Kun.uz мухбири ва «Заковат» билимдони Аббос Салайдинов дорихона сотувчисидан QR-кодли чек талаб қилгани учун «самосуд» қилинганди. Дорихона эгаси ва сотувчиси унга «қонунни Тошкентга бориб талаб қилишини» айтиб, жисмоний куч ишлатган ва ҳақорат қилган. Дорихона эгаси, сотувчи, хаттоки журналистнинг ўзига нисбатан маъмурий иш қўзғатилганди.