Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати янги бошлиғи Шерзод Ибрагимов жамоатчиликка мурожаат билан чиқди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади «инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида кўп миллатли халқ манфаатларига ишончли хизмат қилиш» билан ифодаланади.

ЙҲХХ раҳбари транспортлар сони ва тури кундан кунга кўпайиб бораётганини таъкидлаб, бундай мураккаб ҳаракат жараёнида манзилларга эсонғ-омон етиб бориш учун ҳар бир киши тартибли ҳаракат иштирокчиси бўлиши кераклигини айтди.

«Муҳтарам президентимиз томонидан автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш бўйича олдимизда янги ўзгаришларни амалга ошириш юзасидан улкан вазифалар қўйилиши билан бир қаторда янги имконият ва шароитлар ҳам яратиб берилди», — деди у.

Шерзод Ибрагимов январь ойида имзоланган, «соҳа ва давлат органлари зиммасига қатъий масъулият белгилайдиган ва сифат жиҳатдан янги механизмларни ўрнатадиган «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонун кучга кириш арафасида (21 июлдан) эканини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, президент томонидан қонунлар қоғозда эмас, амалда қатъий бажарилиши, «ислоҳотлар ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳаллага кириб бориши, фуқаролар уларнинг амалий самарасини кундалик ҳаётида доимо ҳис қилиши зарурлигига» муҳим эътибор қаратилмоқда.

«Шундан келиб чиққан ҳолда, уларнинг амалиётга татбиқ қилинишини таъминлаш мақсадида йўл ҳаракати иштирокчиларининг пиёда, жамоат транспорти, велотранспорт, автотранспорт устуворлиги асосида хавфсиз ҳаракатланиши учун муносиб шарт шароитлар яратиш йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгилаб олинди», — деди у.

ЙҲХХ бошлиғи ҳайдовчилар ва пиёдаларда йўл ҳаракати қоидаларини ҳурмат қилиш ва уларга сўзсиз риоя этиш маданиятини юксалтириш, аҳолида уларни бузмаслик иммунитетини шакллантириш, аварияларнинг асл омилларини илмий жиҳатдан ўрганиш ва комплекс бартараф этиш, таълим муассасалари олди, ҳодисалар ўчоқлари ва пиёдалар ўтиш жойларида ишончли хавфсиз тизимини яратиш, шунингдек, «ашаддий ҳуқуқбузарларга қарши муросасиз курашиш» кераклигини алоҳида таъкидлади.

«Бугунги кунда йўл транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, энг асосийси бунда одамларни ўлим ва жароҳатлардан ҳимоялаш талаби маданият, қатъий тартиб ва хавфсиз шароитлар орқали бажарилади», — деди у.

«Ҳурматли юртдошлар, фуқароларнинг йўллардаги хавфсизлигини таъминлаш автоҳалокатларни олдини олиш, барчамизнинг бурчимиз. Бор куч ва имкониятларимизни ишга солиб йўл ҳаракати қоидабузарликларига қарши ҳамкорликда курашсак халқимизнинг фарзандларимизнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз», — деди хизмат раҳбари.

Шерзод Ибрагимов йўлларда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларни тўлиқ ифода қилиш билан нафақат қонунга итоат қилишни билдириш, балки атрофдагилар учун йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини ҳам амалга оширган бўлиш мумкин. Барча йўл ҳаракати қоидаларига тўлиқ риоя қилсагина, автомобиль йўллари хавфсиз бўлади, деди у.

«Ҳурматли ҳамюртлар уйдан чиққан ҳар қандай инсон борки қоидаларга амал қилиб оиласи бағрига соғ-саломат қайтиши насиб этсин. Бу хайрли ишга ҳаммамиз ўз ҳиссамизни қўшайлик», — дея қўшимча қилди у.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбари тез орада журналист ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказишни билдирди.

«Газета.uz»нинг ЙҲХХ бошқармаларидаги манбалари фаолиятининг очиқлигини ошириш ва ОАВ билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича топшириқлар олишганини маълум қилди.