️Бухоро вилояти Жондор туманида аёл хориждаги эри уларнинг ҳолидан хабар олмаётгани ва етарлича пул жўнатмаётганидан жаҳл чиқиб, 3−4 ёшли қизларини калтаклаганди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова матбуот хизматининг маълум қилишича, унга нисбатан жарима қўлланилди.
Қайд этилишича, аёлнинг ўз болаларига нисбатан номақбул ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғирисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисмида (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланди.
20 июль куни у тегишли жарима жазосига (юқоридаги модда бўйича БҲМнинг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда) тортилди ва «фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи она» сифатида рўйхатга олинди.
Терговга қадар текширув доирасида ўтказилган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, 4 ёшли Ў.С. ва 3 ёшли Ў.С.ларда ҳеч бир даражадаги тан жароҳати аниқланмади.
«Ўз фарзандларига зиён етказишини олдини олиш мақсадида онага нисбатан махсус ижтимоий чоралар кўрилади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида турмуш ўртоғи билан видеомулоқот чоғида жанжаллашиб, ўғлини бўғишга уринган аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Аёлнинг айтишича, эри Россияда бошқа аёлга уйланган ва қайтишни истамаяпти. Боламни бўғмадим, эримни шундай қилиб қўрқитмоқчи бўлдим, деган у.
Бир йилча аввал Каттақўрғон туманида Россияда бўлган эрига жаҳл қилиб, боласини қийнаганини тасвирга олган ва турмуш ўртоғига юборган каттақўрғонлик аёл жазога тортилганди. 23 ёшли она судда бу ишни эрини қўрқитиш мақсадида қилганини айтган. Суд ҳукмига кўра, судланувчи аёл 7,5 млн сўм жарима тўлайдиган бўлган.