Япониянинг Shimizu Corporation қурилиш компанияси 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган эркакларни қурилиш соҳасида ишга таклиф қилмоқда, дея хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.

Номзодлар учун 220 дан 235 минг япон иенасигача маош таклиф этилади, аммо бу суммадан солиққа 4550 иен, ижтимоий ва меҳнат суғуртаси учун 32 716 иен олинади. Шунда «соф» иш ҳақи тахминан 14,7−15,9 миллион сўмни ташкил қилади.

Қўшимча иш соатлари учун алоҳида устама ҳақ тўланади.

Иш берувчи Ўзбекистондан Япониягача бўлган авиачипта ва яшаш жойига кузатиб бориш харажатларини қоплайди.

Ариза берувчилар учун асосий талаблар:

  • япон тилидан JLPT N4 ёки JFT Basic А2 даража сертификати;
  • қурилиш махсус малака имтиҳони сертификати (Tokuteigino 1-go);
  • мактаб, лицей ёки касб-ҳунар коллежини тамомлаганлиги;
  • камида уч йил меҳнат шартномаси асосида ишлашга тайёрлиги.

Агар сертификатлар бўлмаса, TOKAI STUDY ўқув марказига мурожаат қилиш мумкин.

Ишга жойлаштириш дастури олдинги иш тажрибасини талаб қилмайди. Номзодларни танлаш оғзаки суҳбат асосида амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтиш 19 июль куни соат 18:30 дан 22 июль куни соат 12:00 гача ушбу ҳавола орқали бўлиб ўтади.

Охирги бир неча ой ичида Европа Иттифоқининг қатор давлатлари ҳам Ўзбекистондан ишчиларни ташкилий равишда жалб қилишни эълон қилган. Хусусан, Жанубий Корея 37,4 минг кишини қатор ишларга, Германия 50 000 кишини турли ишларга, Венгрия юк машинаси ҳайдовчилигига, Словакия автомобиль заводларига, Латвия эса пайвандчиликка ишга таклиф қилганди.