Реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан AVO Bank АЖга нисбатан молиявий жарима қўлланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар қилди.

Қўмитага банк кўрсатаётган хизматлари ҳақида нотўғри реклама тарқатаётгани юзасидан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда банк сайтининг бонуслар саҳифасида янги мижозларга 250 минг сўмдан берилиши, аммо бу нақд пул кўринишида бўлмаслиги, аксинча мобил иловада бонус балл сифатида кўриниши айтилади.

Ўрганишларда ҳақиқатдан ҳам ушбу пул маблағларини мижозларнинг ҳисобрақамларига тўғридан-тўғри ўтказиб бериш имкони мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Шу билан биргаликда, AVO Bank`нинг реклама ахборотларида ҳам бир қатор камчиликлар аниқланди, деб ёзди қўмита. Жумладан, айрим манбаларда банк кредит картаси 0 фоиз ставкада экани таъкидланган.

«Ваҳоланки, AVO Bank АЖнинг AVO Platinum кредит картаси маблағларидан фойдаланиш шартларига кўра, мижозларнинг ушбу кредит карталари орқали амалга оширган харид суммалари учун 45 кун давомида фоизлар ҳисобланмаслиги, харид амалга оширилган санадан 45 кун ўтгач ушбу пул маблағлари учун белгиланган тартибда кредит фоизлари ҳисобланиши маълум бўлди», — дейилади хабарда.

Юқоридагилар юзасидан AVO Bank`га нисбатан реклама ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилгани сабаб молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.

Аввалроқ Рақобат қўмитаси «Ипотекабанк»ни ҳам жаримага тортгани хабар қилинганди. Банк хизматларини реклама қилишда «чалғитувчи», «номақбул» усулдан фойдаланган ва ахборотида омонатнинг муҳим шартларини очиб бермаган, деб топганди қўмита.