Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати туризмни ривожлантириш доирасида «Дугоба» альпинистлар лагерини тиклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 18 июль куни «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувига берган интервьюсида маълум қилди.

Қайд этилишича, вилоят делегацияси Қирғизистонга бориб, икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича янги режа ва лойиҳаларни белгилаб олган.

«Иккинчиси, ҳамкорликда туризмни кучайтириш ва ривожлантириш. Бунинг учун бизда энг катта ресурсларимиздан бири — Шоҳимардон бор. Бу Қадамжо-Шоҳимардон йўналишидан ҳамкорликда фойдаланиш. Қолаверса, илгари жуда ҳам машҳур бўлган „Дугоба“ альпинистик лагерини биргаликда тикламоқчимиз», — деди вилоят ҳокимлиги раҳбари.

18−19 июль кунлари Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат ташрифи билан Ўзбекистонга ташриф буюрди ва Шавкат Мирзиёев билан биргаликда энергетика, транспорт ва тўқимачилик соҳаларида ҳамкорлик бўйича қатор йирик лойиҳаларни ишга тушириш маросимида иштирок этди.

Давлат раҳбарлари, шунингдек, кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнот ва яна 16 та ҳужжат имзолади. Иссиқкўлдаги курорт-ҳордиқ хўжалиги объектлари бўйича ҳукуматлараро битим шулар жумласидан.

«дугоба» альпинистлар лагери, дугоба, шоҳимардон, қирғизистон

«Дугоба» тоғ лагери Қирғизистондаги Ўзбекистон анклави бўлган Шоҳимардон, шунингдек, Боткен вилоятининг Қадамжо шаҳри яқинида жойлашган. Объект арча ўрмонлари ҳамда қояли ва қорли чўққилар билан ўралган бўлиб, улар орасида Оҳунбоев (5200 м), Матереи (5010 м), Фрунзе (4550 м) ва бошқа чўққилар ажралиб туради.

1982 йилда Учқўрғон ўрмон хўжалиги ҳудудида ташкил этилган тоғ лагери Ўзбекистон ССРга узоқ муддатли фойдаланиш учун берилган. 1997 йилда «Дугоба» тоғ лагери Қирғизистонга қайтарилган.

Ҳозирда лагерда бир нечта дам олиш масканлари мавжуд бўлиб, уларнинг ходимлари 2018 йил август ойида чегара муаммолари ҳақида хабар беришган. Уларнинг сўзларига кўра, хорижлик сайёҳлар Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктидан ўтишда қийинчиликларга дуч келган.