19 июлда Ўзбекистон президентининг «2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги фармойиши [Ф-36-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди.

Фармойишга кўра, 2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари қуйидагича тасдиқланди:

  • бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклига — 34 838 нафар (ўтган йили 34 860 нафар эди) этиб;
  • магистрлар тайёрлаш бўйича — 9 365 нафар (ўтган йили 8 923) этиб.

Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бир ҳафта муддатда қуйидаги таклифларни Давлат комиссиясига тақдим этади:

  • республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига ажратилган 1200 та давлат грантининг тақсимоти юзасидан;
  • Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда хотин-қизлар учун ажратилган 2000 та давлат грантининг тақсимоти юзасидан;
  • ўзбек тили ва адабиёти, тарих, маданият, санъат ва ҳунармандчилик йўналишларида ўқиш истагини билдирган, хорижда истиқомат қилаётган ёш ватандошлар учун 30 та давлат гранти бўйича.

Бундан ташқари, давлат олий таълим муассасаларига киришда тўплаган балига нисбатан маълум миқдордаги қўшимча балл бериладиган шаклдаги имтиёзга эга абитуриентлар 2024/2025 ўқув йилида танлаган таълим йўналиши бўйича белгиланган ўтиш бали ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, тўплаган балига мос равишда давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида қўшимча квота билан талабаликка тавсия этилади.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг тушунтиришича, жорий йилдан бошлаб давлат грантлари олийгоҳлар учун берилмайди, балки йўналиш учун ажратилади.

«Масалан, Тошкент давлат юридик университети учун аниқ грант квотаси бўлмайди, 50 та олади, 100 та олади, дейилмайди. Балки юриспруденция йўналиши учун умумий грант квотаси ажратилади. Бунда республикадаги барча олийгоҳлардаги юриспруденция йўналишига топширган абитуриентлар орасида квота доирасида энг юқори балл тўплаганлари, қайси ОТМга топширганидан қатъи назар, грантга киради. Бу дегани энди айрим олийгоҳларда грантга кирган биронта талаба бўлмаслиги мумкин», — деб ёзди ҳуқуқшунос.

Ҳуқуқшунос буни қуйидаги мисоллар билан тушунтирди.

«2024 йилда юриспруденция йўналиши учун 115 та грант квотаси ажратилибди. Масалан, ТДЮУ, ЎзМУ, ҚДУ, СамДУ ва НамДУда юриспруденция йўналиши бор дейлик. Мана шу 5 та олийгоҳнинг юриспруденция йўналишига топширган барча абитуриентлар баллар кетма-кетлигида тахлаб чиқилади ва энг юқори балл олган 115 нафар абитуриентга грант берилади. Шунда, мисол учун, ТДЮга 50 та грант, ЎзМУга 25 та грант, ҚДУга 20 та грант ва ҳ.к. тўғри келиши мумкин».

«Яъни давлат энди фалон университетга грант бераман, дегандан кўра, маълум бир йўналишга топширган ва юқори балл олган ақлли абитуриентларга грант бераман, деяпти. Бу дегани энди қайсидир олийгоҳга 160 балл билан контрактга кириб, бошқа бир олийгоҳда худди шу йўналишга 100 балл билан грантга кириш деган нарса йўқолади».

«Фақат битта истисно жойи бўлади. Давлат грантининг барча квотасини битта олийгоҳ олиб қўйишининг олдини олиш мақсадида чеклов қўйилади. Масалан, 115 та квотанинг ҳаммаси ТДЮга тўғри келиб қолиши мумкин. Бунақа пайтда, масалан, 50%лик чеклов қўйилади. Яъни ТДЮ фақат 115 та квотанинг ярмини, яъни 57 та грант квотасини олиши мумкин бўлади», — дея ёзиб қолдирди ҳуқуқшунос.