Давлат активларини бошқариш агентлиги Миллий банклараро процессинг марказини (Humo) хусусийлаштириш бошланганини маълум қилди.

Давлат улушининг 100 фоизи «музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш» усули асосида уч босқичда сотилади. Маслаҳатчи Deloitte халқаро компанияси бўлиб, активни баҳолаш учун «Катта тўртлик» гуруҳига кирувчи (Deloitte`дан ташқари) халқаро компания жалб этилади.

Қизиқиш билдиришномалари 22 августгача қабул қилинади.

Humo ҳақида

Миллий банклараро процессинг маркази 2018 йил сентябрь ойида президент қарори билан ташкил этилган. Ҳужжатда таъкидланганидек, чакана тўловларни қайта ишлаш бўйича давлат процессинг марказининг мавжуд эмаслиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлик даражасини пасайтиради, тўлов инфратузилмасини ягона интеграциялашувига имкон бермайди ва битта монополия тизимининг ҳукмронлигига олиб келади.

Humo тўлов тизими ўша пайтдаги ягона процессинг маркази — хусусий тузилма бўлган Uzcard дастурий таъминотидаги катта носозликдан сўнг пайдо бўлган.

Компаниянинг устав капитали 155,4 млрд сўм. Айни пайтда 27 миллиондан ортиқ Humo карталари чиқарилган бўлиб, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6,4 мингдан ортиқ банкоматлар ўрнатилган.

Президентнинг 30 ноябрдаги қарори билан Марказий банкнинг бош ахборот марказига тегишли бўлган Humo тўлов тизимидаги давлат улуши тўлиқ ДАБАга ўтказилган. «Газета.uz»га агентлиги матбуот хизмати тизимининг агентликка ўтказилиши хусусийлаштириш билан боғлиқ эмаслигини билдирганди. Марказий банк балансида банклараро процессинг марказининг мавжудлиги манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин, дейилганди агентлик хабарида.

Бироқ президентнинг 19 апрелдаги қарори билан тўлов тизими давлат акциялари ёки акциялар пакетлари очиқ кимошди савдосига қўйилиши керак бўлган 247 та компания рўйхатига киритилган.