Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокида «KINGSMAN UZBEKISTAN» кийимлар дўкони ҳақидаги реклама бўйича ўрганиш ишларини якунлади.

2 июль куни маданият вазири Озодбек Назарбеков маҳаллий кийим брендининг реклама ролигида иштирок этгани акс этган видео тарқалди. Рақобат қўмитаси ҳолатни назоратга олди.

Ўрганиш натижаларига кўра, «KINGSMAN UZBEKISTAN» бренди остида фаолият кўрсатувчи «Boutique» МЧЖ «Реклама тўғрисидаги» қонуннинг 16-моддасини, яъни рекламада товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш бўйича тақиқ талабларини бузган деб топилди.

Қўмита томонидан корхонага БҲМнинг 70 баравари (23,8 млн сўм) миқдорида жарима солишга қарор қилинди, шунингдек, қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатма берилди. Бутик белгиланган муддатда жаримани тўлаши ёки қарор устидан судга шикоят қилиши мумкин.

Махсус комиссия томонидан ишни кўриб чиқиш жараёнида Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг рекламада иштирокини реклама берувчи, реклама тайёрловчи ёки реклама тарқатувчи сифатида иштирок этганининг аломатлари аниқланмади.

Вазир томонидан рекламани ўз шахсий ижтимоий тармоқлари ва бошқа расмий тармоқлар орқали тарқатмагани «Реклама тўғрисидаги» қонунига асосан рекламанинг айланиши соҳасидаги иштирокчиси сифатида баҳоланмайди, дейилади хабарда.