Тошкент вилояти Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларида майнинг ферма ташкил этган хонадонлар аниқланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Қибрай тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Гулистон маҳалласида яшовчи Қ.Т. ушланган. У уйида 8 та тўпламдаги майнинг қурилмаларини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, қонунга хилоф равишда майнинг фаолияти билан шуғулланган ва давлат ва жамият манфаатларига 1,2 миллиард сўм зарар етказган.

Шунингдек, Юқори Чирчиқ тумани Султонравот маҳалласида яшовчи Ж.Ш. ҳам қонунга хилоф равишда майнинг билан шуғулланиб келаётганда қўлга тушган. У ArtMiner S9 майнинг қурилмасидан фойдаланиш орқали 50,7 миллион сўм зарар етказган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.