Қашқадарё вилоятида дарё ўзанидаги табиий қумни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

Қамаши тумани Сарбозор маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсида олиб борилган рейд давомида дарё ўзанидан ноқонуний тарзда табиий қум қазиб олингани маълум бўлган.

Аниқланишича, бир ҳолатда 1743,7 метр куб табиий қум қазилган ва табиатга 2 миллиард 615 миллион 550 минг сўмлик зарар етказилган. Иккинчи ҳолатда эса 2465 метр куб табиий қум қазиб олинган ва табиатга 3 миллиард 697 миллион 500 минг сўм зарар етказилган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар айбдорларни аниқлаш, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида вилоят прокуратурасига юборилди.

Маълумот учун, 2024 йил 1 майдан бошлаб Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинган. Бу даврда қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланади.