Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида QR-кодли чек сўрагани учун дўкон сотувчиси тарсаки туширган бола билан учрашди.

Қўмита раҳбари 12 ёшли Шаҳбозни талабчанлигини алоҳида қайд этди ва унинг ҳаракатини «олдингизда бутун солиқ марказий аппарати тикка турса арзийди» дея баҳолади.

Фото: Солиқ қўмитаси.Фото: Солиқ қўмитаси.

Шерзод Кудбиев боланинг ота-онасига миннатдорчилик билдириб, дўконда чек сўраганида ҳаммасини тўғри қилганини таъкидлади.

«Чек талаб қилиш майда-чуйда нарса эмас. Чек сўраганиннинг орқасида Сирдарёда боғча, мактаб, йўл, ойлик, бюджет бор. Бунинг ортида катта нарсалар турибди. Шунинг учун сендан миннатдорман, миннатдорчилик изҳор этаман… Шаҳбоз, сенга катта раҳмат», — деди Солиқ қўмитаси раҳбари ва боланинг қўлини сиқди.

Болалар омбудсмани матбуот хизматининг маълум қилишича, дўкон сотувчиси З.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан иш қўзғатилган ва иш ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судига юборилган.