Тошкент туманида кўп миқдордаги синтетик гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадида сақлаётган шахс қўлга олинди, деб хабар берди вилоят ИИББ матбуот хизмати.

15 июль куни ИИБ ва ДХХ ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда А.Т. исмли шахс (2002 йилда туғилган) ўзининг Tracker автомашинасида вазни 1 кг 433 гр бўлган мефедрон синтетик гиёҳвандлик воситасини сотиш мақсадида сақлаб келаётгани аниқланган. Тахминий нархи 1 миллиард сўм бўлган моддалар далилий ашё сифатида олинган.

Аниқланишича, 22 ёшли шахс мазкур синтетик воситани бўлакларга бўлиб, контактсиз манзил орқали сотишни режалаштирган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.