Ўтган йилнинг декабрида Тошкент вилояти Зангиота туманида 13 ёшли қизга нисбатан ўгай онаси томонидан мунтазам равишда жисмоний ва руҳий зўравонлик қилингани ҳақида хабар берилганди. Аёлга нисбатан суд ҳукми ўқилди, дея маълум қилмоқда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова матбуот хизмати.

Ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки терговда аниқланишича, Ш. С. қизни 2023 йил давомида муттасил равишда дўппослаб, унга нисбатан жисмоний ҳамда руҳий жиҳатдан азоб берган.

«Унда кучли қўрқув ҳосил қилиш йўли орқали ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, танасининг турли қисмларига тан жароҳатлари етказиб келган», — дейилади хабарда.

Болалар омбудсмани вакили бола манфаатлари нуқтаи назаридан мазкур ишнинг суд процессида кўрилишида иштирок этган.

5 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди ҳукми билан Ш. С. Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми «а, в» бандлари ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 3-қисми билан айбдор деб топилди.

Аёлга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Мазкур жазо билан боғлиқ тегишли чекловлар ўрнатилди.